Strict Standards: Declaration of JParameter::loadSetupFile() should be compatible with JRegistry::loadSetupFile() in /var/www/html/sayt/nz/fff/libraries/joomla/html/parameter.php on line 0

Имон неъматига не етсин!

**Additional Info**

  • Brown: tbg-brown

Ҳозирги кунда айрим ҳамдўстлик мамлакатлари аҳолиси орасида эски совет даврини қўмсаш, ўшандай тузумга қайтиш учун уринишлар бўляпти. Баъзи оммавий ахборот воситаларида мустабид тузумни ёки унга етаклайдиган иттифоқлар тузишни ёқлаш кайфияти кузатилмоқда.

 

Бу ҳақда Президентимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг биринчи йиғилишидаги нутқида алоҳида қайд этиб ўтди. Жумладан, “Биз қарамлик ва тутқунликка қайтишга ҳеч қачон рози бўлмаймиз”, шунингдек, “Биз эски тузумни тиклашга қаратилган ҳеч қандай иттифоққа ҳеч қачон кирмаймиз, мустабид совет даврига асло қайтмаймиз”, деб таъкидлади.

Ушбу масалалар юзасидан қуйидаги фикр-мулоҳазаларни билдириш ва имом-хатибларга зарур тавсиялар бериш лозим деб топилди.

 

Даҳрийлик даврини қўмсаш ортидаги хатарлар

Ўтган асрнинг бошларида мустамлакачилар олиб келган даҳрийлик тузумидан юртимиз аҳолиси етмиш йил мобайнида азият чекди. Улар мусулмонларга эътиқодлари, диний ибодат ва маросимларини эркин адо этиш ҳақида қуруқ ваъда бериб, амалда даҳрийликка кенг йўл очди. Шариат поймол қилинди, динга мойиллиги бор одамлар назорат остига олинди. Динсизлик оғир кулфат экани ўша йилларда намоён бўлди. Худобехабарликка йўғрилган собиқ совет тузуми даҳриёна ташвиқот юритса ҳам, инсонлар қалбидан Аллоҳга бўлган ишончни чиқариб ташлай олмади.

Мустамлакачилар атеистик ғояларни ёйишда ҳар қандай ёвузликларни қилишдан тап тортмади. Энг олдин олиму фозиллар, дин пешволари йўқ қилинди. Мадраса ва масжидлар харобаларга айлантирилди, мўътабар китоблар ўтда ёқилди. Қатағон зулмкорлари дин пешволари ва маърифатпарвар зиёлиларга “халқ душмани” тамғасини босишган. Биргина 1937–1939 йилларда Ўзбекистонда 43 мингдан зиёд киши ҳибсга олинган. Улардан 6 минг 920 нафари ўлим жазосига, 37 минг нафари эса қамоқ ва сургунларга ҳукм этилган.

Мустабид тузумнинг шафқатсиз шамшири ҳисобланган Ички ишлар халқ комиссарлиги (НКВД) учун зиёлиларни ҳибсга олиш, туҳмат, уйдирмалар тўқиш осон эди. Оқибатда ХХ аср бошидан то 40-йилларигача 450 минг ватандошимизга “жиноий иш” очилгани, уларнинг ҳаёти остин-устин бўлиб кетгани ҳақиқат. Масалан, 1937 йилларда Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идораси асосчиси, муфтий Эшон Бобохон ва унинг ўғли Зиёвуддин ибн Эшон Бобохонга кўп зулм ўтказилгани ва диний-маърифий адабиётлар оёқости қилингани хотира китобларида битилган.

Зеро, собиқ мустабид тузум: “Бир юртни босиб олиб, тўлиқ итоат эттирай десанг, энг аввало, уларнинг зиёлилари ва диний раҳнамоларини йўқ қил!” деган мустамлакачилар қоидасини яхши ўзлаштирган эди.

Аммо бу сиёсат узоққа бормади. Динсизлик тузуми ҳалокатга учраганидан сўнг неча йиллар ўтса ҳам, айримлар бу балодан қутулолмай юрибди. Собиқ тузумнинг манфур қилмишларини айримлар ҳамон тан олгиси келмаяпти. Баъзи нодон кимсалар бўлиб ўтган ишларни кўриб-билиб ҳам, динсиз жамиятнинг тубан, охири вой эканини англаб етмайди. Ғаламис кимсалар бундан фойдаланиб, ўша тузумга қайтиш, турли “иттифоқлар” тузиш орқали манфур ниятларига эришиш ҳаракатида юргани сезилмоқда.

Бу ҳақда муҳтарам Юртбошимиз: “Бундай қараш, бундай ёндашув бизга асло маъқул эмас. Бизнинг ўз ақлимиз, билим ва тажрибамиз, халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олган йўлимиз бор. Биз қарамлик ва тутқунликка қайтишга ҳеч қачон рози бўлмаймиз. Ота-боболаримиз айтганидек, кўр ҳассасини бир марта йўқотади. Биз эски тузумни тиклашга қаратилган ҳеч қандай иттифоққа ҳеч қачон кирмаймиз, мустабид совет даврига асло қайтмаймиз. Шахсан мен бутун ҳаётимни, бутун умримни халқимизнинг озодлигига, Ватанимиз мустақиллигига бағишладим ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмайман!” деб таъкидладилар.

Эскилик сарқитини қўмсаш, иттифоқ тузиш шиори остида даҳрийликка етаклайдиган қарашларга ён бермаслик керак, чунки ҳурлик ва имон-эътиқод эркига не етсин. Аллоҳга бандалик саодати ва имон ҳаловати – улкан, тенгсиз неъмат! Мўмин имонини жазирама саҳрода қолган кимсанинг муздек сувни яхши кўришидан ҳам зиёда суяди, ардоқлайди. Ундан ажралиб қолишни оловда ёнишдан ҳам ёмон кўради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло: «...Аллоҳ сизларга имонни суюкли қилди ва уни дилларингизга безак қилди ҳамда сизларга куфрни, фисқ-фужурни ва итоатсизликни ёмон кўрсатиб қўйди. Ана ўшаларгина тўғри йўл топувчилардир. (Бу) Аллоҳ (томони)дан бўлмиш фазл (марҳамат) ва неъматдир. Аллоҳ билимли ва ҳикматлидир», деб таъкидлаган ужурот, 7–8).

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Уч нарса борки, улар кимда бўлса, имон ҳаловатини топибди: Аллоҳ ва унинг Расулини бошқа ҳамма нарсадан ҳам яхши кўриш; бир бандани холис Аллоҳ учунгина яхши кўриш, Аллоҳ уни қутқаргач, куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриш”, дедилар.

Юртимиз мустақилликка эришиши билан диний қадриятларнинг қайта тикланиши ва ривожланиши учун кенг йўл очилди. Хусусан, улуғ аждодларимиз асарлари ўрганилиб, она тилимизга таржима қилинди. Қуръон, ҳадис, тафсир, фиқҳ ва ислом тарихига оид юзлаб адабиётлар нашр этилиб, кенг оммага тақдим қилинди. Минглаб масжидлар очилиб, мусулмонлар ихтиёрига топширилди. Ўнлаб диний таълим муассасаларида ёшлар диний ва дунёвий фанлардан таҳсил ола бошлади. Ҳар йили неча минглаб ватандошларимиз ҳаж ва умра зиёратига бориб келмоқдалар.

Инсон неъматнинг қадрига етиши керак. Шунингдек, у неъматдан ҳамма ҳам бирдек баҳраманд эмаслигини англаши лозим. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Қайси бирингиз тонгда уйқудан уйғонганда оиласи тинч, тани соғ ва уйида бир кунлик егулиги бўлса, билсинки, унда дунёдаги барча неъматлар мужассам экан”, деганлар (Имом Термизий).

Оламшумул фитна қўзғаш оқибатлари

Шу йил январь ойида Парижда бўлган террорчилик оқибатида 17 киши ҳалок бўлди. Бунга Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) сиймосига нисбатан ҳақоратомуз суратнинг француз наш­рида чоп этилгани сабаб дейилмоқда. Аслида ҳам шундайми?

Аввало, бу ишни ким, қандай мақсадда қилаётганини теран англаш зарур. Шубҳасиз, Набий (алайҳиссалом)ни беҳурмат қилувчи расмларни нашр этиш қаттиқ жазога лойиқ. Аммо бир фараз қилиб кўринг, Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳиссалом) шундай ҳолатнинг гувоҳи бўлганларида қандай йўл тутган бўлардилар?

Ғазаби ақлидан устун келган кимсалар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)ни ҳақорат қилган “Шарли Эбдо” ижодкорларига ҳужум уюштиришни тўғри деб билмоқда. Масаланинг иккинчи томони шуки, ўлган илоннинг бошини қўзғаш оқибатида, ҳеч кимнинг назарида бўлмаган мазкур нашр энди “машҳурлашиб”, адади 60 минг нусхадан қарийб 7 миллионга етди. Дунёнинг турли чеккаларида мусулмонларга адоват ва наф­рат ўчоқлари пайдо бўлди, исломдан чўчитиш кайфияти кучайди. Хуллас, мазкур террорчилик Ислом дини ва мусулмонларга катта мусибат бўлди. Бу жиноятлар айнан Мавлид ойида амалга оширилиши ҳам улар ортида динимиз душманларининг қўли борлигини очиқ-ойдин англатиб турибди.

Аслида, Парижда бўлган қотиллик ҳам келишиб амалга оширилган  фитнадан бошқа нарса эмас. Унинг замирида одамларнинг динга бўлган ишончи, нозик ҳис-туйғуларидан усталик билан фойдаланиб, сохта обрў орттириш мақсад қилинган. Бундай ишга қўл ураётганлар бу дунёда ҳам, охиратда ҳам жазосини олиши муқаррардир. Аллоҳ таоло пайғамбарларини ва мўмин-мусулмонларни мазах қилувчиларга Ўзи жазо беражаги ҳақида Қуръони каримда баён қилган. Ҳижр сурасида жаноб Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га хитобан: «Албатта, Биз сизни масхара қилувчиларни(жазолаш учун) кифоя қилурмиз», ижр, 95) дейилган.

Суюкли Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаънларига нисбатан қилинадиган ҳар қандай бўҳтон ва мазахни қоралаймиз. Бундай хатти-ҳаракатларни фитна уруғини сочиш, ихтилоф келтириб чиқаришга уриниш деб баҳолаймиз. Парижда қотилликни амалга оширган кимсалар Ислом ва мусулмонларни ифода этмайди, балки уларнинг мусулмон эканига ҳам катта шубҳа бор.

Ақли теран ва соғлом фикрли инсон бундай пайтда қандай йўл тутишни жуда яхши билади. Ислом тарихида бу борада ибратли воқеалар талайгина.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­ни обрўсизлантиришга интилган ҳар қандай инсон ёки гуруҳнинг саъй-ҳаракати беҳудадир. Хусусан, хориж нашрлари Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни ҳар қанча камситишга интилмасин, бу иши билан муборак динимизга ёки у зотнинг сийратларига заррача ҳам зиён етказа олмайди. Чунки Аллоҳ таоло Ислом дини ва таълимотларини ҳимоя қилиши ҳақида бундай деган: «Албатта, бу зикрни (яъни, Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчимиз»ижр, 9).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­ни жуда яхши кўрамиз ва у зотга муҳаббатимиз чексиз. Бироқ бундай ҳаракатларга нисбатан қўпорувчилик ёки тўс-тўполон билан эмас, балки босиқлик, зукколик билан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га муҳаббат у зотни оила-аъзоларимизга, фарзандларимизга танитиш ва суйдириш орқали муносабат билдиришимиз керак. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўзларига суиқасд қилишга интилган Ҳаким ибн Ҳизомни бағрикенглик билан кечириб юборганлар ёки суюкли амакилари бўлган Ҳамза ибн Абу Толибни ўлдирган Ваҳшийни, бир умр қалбларида қайғули хотира сифатида муҳрланган бўлишига қарамай, афв қилганлар.

Бу шубҳасиз, Қуръони каримдаги: «Афвни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг! Жоҳиллардан юз ўгиринг!» (Аъроф, 199) кўрсатмасининг амалдаги исботидир.

Жаҳонга машҳур Ал-Азҳар университети уламолари “Шарли Эбдо” сатирик нашри сўз эркинлиги ва демократияни рўкач қилиб, мусулмонларга ҳақоратомуз суратнинг нашр этилганини қоралаб, бунга босиқлик ва вазминлик билан муносабатда бўлишга чақиришди. Улар Раҳмат Пайғамбарининг шаъни, шамойиллари шу қадар улуғ ва юксакки, унга қандайдир карикатура билан зарар етказиб бўлмаслигини таъкидлашди.

Имом-хатибларга тавсиялар

Мана шундай кескинлашиб бораётган бир вазиятда имом-хатиблар ҳушёрлик ва сергакликни сира йўқотмасдан, кимлар бизга хайрихоҳ, кимлар ғаразли кўз билан қараётганини ажратиб олишлари керак. Шу нуқтаи назардан имом-хатибларга қуйидаги тавсияларни берамиз:

Биринчи, аввало имом-хатибларимиз мустабид тузум даврида халқимиз кўп азоб-уқубатлар тортгани, дин пешволарига бўҳтонлар ағдарилгани, Марказдан юборилган ёвуз кучларнинг халқимизнинг ҳуқуқларини оёқости қилгани ҳақидаги бор ҳақиқатни кенг халқ оммасига тўла очиб беришлари лозим;

Иккинчи, албатта Пайғамбаримиз (алай­ҳиссалом) ва бошқа пайғамбарларнинг сийратларини ҳимоя этиш лозим. Лекин буни қурол билан эмас, балки гўзал одоб ва суннатга итоат билан қилиш керак. Унутмаслик керакки, динимиз душманларининг пинҳона кирдикорлари жуда кўп. Шу боис, имом-хатиблар халқимизни бу каби найрангларга учмасликка чақиришлари зарур. Зеро, динимиз ҳеч қачон ёвузликни ёвузлик билан даф этишга буюрмайди: «Яхшилик билан ёмонлик баробар бўлмас, сиз (ҳар қандай ёмонликни) энг гўзал сўзлар билан даф қилинг!..

Учинчи, имом-хатибларимиз намозхонларга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг сийратлари, оламга намуна бўладиган гўзал ахлоқлари ва уммондек бепоён раҳм-шафқатлари ҳақида кўпроқ сўзлаб берсинлар. Шу билан бирга, уларга англатсинларки, ҳазрат Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оқланишга, ҳимояга муҳтож эмаслар. Балки Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шаънларига бўлаётган бу ҳақоратлардан дили оғриган ҳар бир инсон ўзи, оиласи ва яқинлари билан у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)­нинг сийратларию суннатларини мукаммал ўрганиши, амал қилиши масхарачиларга энг гўзал жавоб, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни хушнуд этадиган ҳаракат бўлади.

Тўртинчи, бугунги таҳликали ва қалтис замонда яшаётганимизни имом-хатиблар яхши тушунишлари, жумладан, бизнинг минтақамизда, ён-атрофимизда хавф-хатарлар тобора авж олаётганини ҳам чуқур англаб етишлари керак. ИШИД  дея аталмиш террорчи ташкилот Марказий Осиё ҳудудида “Мовароуннаҳр” деган табаррук номни ҳам булғаб, ушбу ном остида ғаламислар тўдасини тузиб, қўпорувчилик қилиш ниятида пайт пойлаб ётгани аниқ;

Имом-хатибларнинг мана шундай ўта масъулиятли пайтда бир чеккада томошабин бўлиб ўтириши асло ярамайди. Бу дунёда душмандан эмас, аввало, лоқайд ва бетараф одамлардан эҳтиёт бўлиш керак. Имом-хатиблар мафкуравий хуружларга қарши худди жанг майдонидаги жасур жангчи каби курашишлари даркор.

Тинчлик қаерда қадрланса, умри узун бўлади. Албатта, нияти бузуқ “дўстларимиз” бор. Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Кимдир Раҳмон измида юрса, кимдир шайтон измида юради”. Шуниси аниқки, энди ортга қайтмаймиз, тинч­лигимизни ғавғога солмаймиз. Ҳар соат, ҳар дақиқа уни асраш, ҳимоя қилиш, мустаҳкамлаш муқаддас бурчимиздир.

Айдарбек ТУЛЕПОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

**Read** 1973 **times** **Last modified on** ****Пятница**, 06 **Март** 2015 14:49**