“Оммавий маданият” тушунчаси, мазмун моҳияти

Бугунги кунга келиб, муайян мамлакатни забт этиш, бирор халқни бўйсиндириш воситалари тубдан ўзгарди. Илгари бу мақсадларга эришиш учун қанчадан-қанча қурол-аслаҳалар, қимммат-баҳо техника, минглаб аскарлар ва анча-мунча вақт ҳам керак бўлар эди.

Ҳозирда эса бирор мамлакат ёки халқни бўйсиндириш учун оммавий ахборот воситаларининг ўзи кифоя қилмоқда. Куч ишлатиш, мажбурлаш, зўравонлик ахборот орқали таъсир қилиш, одамларни бирор бир ғояга ишонтириш, онгни бошқариш технологияларига ўрин бўшатяпти.
Куч орқали мақсадга эришиш инсоният томонидан бирдек қораланади, чунки бунда инсонга жисмоний оғриқ, шикаст, моддий зарар етказилади. Ишонтириш воситасида харакат қилаётганларни эса бирор нарсада айблаш қийин, зеро, улар тарғиб қилаётган ғоялари ортида қандай манфаатлар яширинганини билиш осон эмас. Ваҳоланки, сўз, фикр, ахборот орқали инсон тафаккурини забт этиш ҳам халқ, мамлакат, ҳудудни босиб олишнинг бироз маданийлашган кўриниши ҳисобланади, бироқ бунда истилочининг ким экани номаълум бўлади, ҳатто аҳоли ўзини босиб олиш учун ким кураш олиб бораётганини англамайди ҳам. Бу кураш яширин равишда, зимдан оширилгани боис, унга уюшқоқ ҳолда қаршилик кўрсатиб бўлмайди, айнан шу омил бундай қарашларнинг муваффақиятини белгилаб беради.
Гегемониянинг бу шакли “ маданий гегемония”(устунлик, йўлбошчилик) деб номланади. Жаҳон миқёсида авж олдирилаётган бундай маданий гегемония курашда алданиб қолмаслик учун истилочиларнинг асл мақсад-муддаоларини билиш, қўлланилаётган услуб ва воситаларни пухта ўрганиш талаб этилади.
Инсоният бошидан ўтказган инқилобларни тадқиқ этиш асосида ва инсоннинг феъл-атвори ҳақидаги билимлар негизида ХХ асрнинг 30-йилларида янги назария пайдо бўлди. Бу назариянинг муаллифи – италия компартиясининг асосчиси ва назариётчиси Антонио Грамши эди.
Грамшианинг фикрича, гегемония жамиятнинг ”маданий ўзаги”га таянади. Бу ўзак инсоннинг ҳаёт, яхшилик ва ёмонлик тўғрисидаги тасаввурларини,  билим ва тажрибани, анъана ва рамзларни ўз ичига қамраб олади. Маданий ўзак қанчалик барқарор бўлса, мавжуд тартибни сақлаб қолишни ихтиёр этган жамоанинг иродаси ҳам шу қадар қатьий бўлади. Маданий ўзакнинг кучсизланиши ёки қўпорилиши эса жамоа иродасининг емирилишига олиб келади ва инқилоб учун замин яратади.
Шу тариқа, маданий гегемонияга эришиш учун маданий ўзакка тажовуз қилинади. Бунинг учун танкларга снарядларни тиқиш, самалётларга бомбаларни жойлаштириш, автоматларни ўқлаш талаб этилмайди, балки кўп сонли китоб ва рисолаларда, журнал ва газеталардаги мақолаларда маданий ўзакни қўпорувчи вирус-ғояларни тарқатишнинг ўзи кифоя. Грамши бу жараённинг қабиҳ моҳиятини билмаслик оқибатида аҳолининг унга қаршилик кўрсатмаслигига ишора қилиб, бундай ўзгаришни “пассив инқилоб” деб атайди.
Грамши яшаган вақтда бундай инқилоб, асосан, зиёлилар онгида юз берган бўлса (чунки вирус-ғоялар битиладиган адабиётлар билан биринчи навбатда улар танишар эдилар), ҳозирда оммавий ахборот воситаларининг тараққий этилиши туфайли бундай инқилобни бошқа қитьаларда яшайдиган одамлар онгида амалга ошириш ҳам ҳеч гап бўлмай қолди. Телевизор ҳар бир хонадоннинг тўрини эгаллаган, глобал ахборот макони шаклланган бугунги кунда, афсуски, маданий гегемония учун курашдан, бошқача айтганда, инсон онги ва қалби учун курашдан пана топиш осон эмас. Бироқ, ишончимиз комилки, бундай кураш усуллари ва воситаларини чуқур ўрганиш улардан ҳимояланиш чораларини ишлаб чиқишда қўл келади.
Хўш, маданий гегемония ўрнатишга, аниқроғи, маданий ўзакни кучсизлантиришга шайланганларга Грамши нима маслаҳат беради? Тарихий хотирани сусайтириш, жамиятдаги бирдамликка путур етказиш, анъанавий қадриятларни емириш, халқни маьнавий илдизларидан маҳрум этиш, соғлом ақлни “ўчириш” каби усулларни таклиф қилган Грамшининг рўйхатининг унинг замонавий “шогирдлари” янги йўналишлар-ахлоқсизликни тарғиб қилиш, инсоннинг энг тубан майллари, ҳайвоний ҳирслари, нафсини қўзғаш ҳисобига “бойитдилар”.
Кўриниб турибдики, маданий гегемония негизида инсонни мустақил фикрдан маҳрум қилиш, уни ўзлигини унутган кимсага, манқуртга айлантириш мақсади ётибди. Янги кўринишдаги бундай мустамлакачиликнинг фожиавий оқибати ҳам шунда.  
Ҳа, бугунги кунда айрим ижтимоий жараёнларни кузатар эканмиз, улар Грамшининг маданий гегемония ҳақидаги таьлимотига уйғун тарзда, унинг кўрсатмаларига мос равишда кечаётганини тан олишга мажбур бўламиз. Айрим ҳолларда ҳаттоки, бу жараёнлар Грамши таьлимотига таянган ҳолда махсус ишлаб чиқилган ва моҳирона амалга оширилган, аниқроғи, Грамши назариясининг қанчалик тўғри эканлигини тажрибаларда синаб кўриш учун ўтказилган операция эмасмикан, деган гумонга ҳам борасан киши.
Эьтибор беринг. Грамшининг назариясига кўра, маданий гегемония ўрнатиш учун соғлом ақлни бартараф этиш талаб этилади. Соғлом ақл “ўчирилгач”, инсонни ақл бовар қилмас афсона ва уйдурмаларга ҳам ишонтириш мумкин бўлади. Айни пайтда, жаҳонда кенг ёйилаётган ана шундай чўпчак мафкуралардан бири “евроцентризм” деб ҳам аталади. Номидан ҳам кўриниб турганидек, ундан Ғарбдан андаза олиш, унга тақлид қилиш тараққиётнинг бош омили эканлиги ўқтирилади. Евроцентризм ҳаммабопликка даьво қилаётган мафкура бўлиб, унга кўра, барча халқлар бир ҳил тараққиёт йўлини босиб ўтадилар, фақат хозирги кунда улар тараққиётнинг турли босқичларида турганликлари боис, бир-бирларидан фарқ қиладилар. Ўз тараққиёт йўлини белгилаётган жамиятларга нисбатан евроцентризм мафкурачилари “Ғарб изидан бор – бу энг яхши дунёларидан биридир”, дея “маслаҳат” берадилар.
Кўпинча суҳбат чоғида айрим зиёлилар номаъқул мусиқа, номаъқул фильмларнинг, миллатимиз руҳиятига, маънавиятига зид урфларнинг ёшларга, умуман одамлар онги ва қалбига салбий таъсири ҳақида куюниб гапириб қолишади. Дарҳақиқат, на маъно на мазмун бўлган, инсоний ҳислардан кўра, кўпроқ паст инстинктларни қўзғовчи қўшиқ, ғоявий бўш, ҳатто зарарли фильм каби “оммавий маданият” намуналарига ҳаётимизда кўп дуч келамиз. Балки айримларнинг четдан ёғилиб келаётган бундай “асар” ларнинг йўлини тўсиш ёки ўз “санъаткор”ларимизнинг ижод намуналарини бадиий кўрикдан (ўзига хос цензурадан) ўтказиш ҳақидаги фикри тўғридир. Аммо бутун дунёда балои азимга айланган салбий кўринишдаги “оммавий маданият” нинг тарқалиши бундай йўл билан олдини олиб бўлармикан? Кишиларни “Оммавий маданият” қуллигидан буйруқ ёки фармон билан халос этиш мумкинмикин? Президентимиз  илгари сурган “ғояга қарши ғоя, фикрга қарши фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан бахсга киришиш мумкин”, деган фикрнинг мазмун-моҳияти теранлиги ва доимо долзарблиги шунда .
“Табийки  “оммавий маданият” деган ниқоб остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик ортириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди”
«Оммавий маданият» Ғарб дунёсида ўтган асрнинг иккинчи ярмида шаклланди. Уни Ғарбда «популяр» ёки қисқартирилган ҳолда, «поп-культура» (яъни «оммавий маданият») деб аташади. Гарчи «маданият» деб аталса-да, аслида, туб мазмун-маъносига, мақсад-ниятига кўра «оммавий маданият» чинакам маданиятнинг кушандасидир.
Мутахассислар (файласуф ва сотсиолог олимлар)нинг фикрича, ҳали илм-фанда «антикультура» («ғайримаданият») деган илмий тушунча шаклланмаганлиги учун «оммавий маданият» тушунчаси, ночорликдан қўлланилмоқда. Чунки, «оммавий маданият», аслида маданиятсизлик, яъни маънавиятсизлик ва ахлоқсизлик синонимидир. «Оммавий маданият» шу боисдан, энг аввало, юксак истеъдод ва ўлмас маънавий-ахлоқий ғоялар байроқдори бўлган мумтоз маданиятга, санъатга, унинг бойликларига қарши тиш-тирноғи билан курашиб, уни инкор этиб келяпти.
Таассуфли жиҳати шундаки, гоҳида ғоятда истеъдодли инсонлар ҳам «оммавий маданият» тарғиботчиларининг қутқусига учраб, унинг тегирмонига сув қуймоқда. Агар «оммавий маданият» дунёга «эҳсон» этаётган «поп-арт» («тасвирий санъат»), «поп-музика», «поп-адабиёт» натижаларига қараб ҳукм юритадиган бўлсак, улар инсоният яратган барча қадриятларни исёнкорлик билан инкор этади: юксак маданиятни, маънавиятни, ахлоқни, юксак орзу-мақсадларни менсимайди... Улар учун эзгуликнинг ўзи йўқ. Жумладан, санъат - алоҳида истеъдодлар томонидан яратиладиган маънавий бойлик, мўъжиза эканлиги каби ижоднинг олий мезонлари «оммавий маданият» тарафдорларининг ғашини келтиради. Уларча, ҳамма санъаткор бўлиши мумкин. Ҳамма нарса санъат аталиши мумкин. «Поп-арт» - (оммавий санъат) шу хулоса манбаида вужудга келган.
«Оммавий маданият» таркибидаги кишиларнинг дастурий қараши шундайки, улар инсонни эмас, аксинча,  нарсалар ва буюмларни эъзозлашади. Маънавий дунёни эмас, маиший-истеъмолчилик ҳис-туйғуларини қадрлайдилар ва уларни кенг оммалаштиришга интиладилар. Уларнинг маънавий позицияси - маънавиятни ўлдириш ва «нарсаларга қуллик»ни рағбатлантиришдир. Американинг таниқли адиби Р. Бредбери айтганидек, «оммавий маданият» мактабидан ўтган авлод учун ҳаётнинг маъноси - автомобил, телевизор, компютер ва шунга ўхшаш техник воситаларгагина эга бўлишдир.
«Оммавий маданият» да «Оммавий мусиқа»  алоҳида ўрин тутади. «Оммавий мусиқа» ни «Янги рок» белгилайди. «Янги рок», таъбир жоиз бўлса, кучайтирилган ритмик тузилмали мусиқадир. Яъни жазавали ритм, зарб, шовқин ушбу мусиқанинг қиёфасидир. Бу мусиқа тинглашга  эмас, балки вужуд ҳаракатига, талвасали рақсга йўналтирилган. «Оммавий маданият» даги техник-ижро воситалари мусиқа имкониятларини ниҳоятда торайтирмоқда, полифонизм - мусиқий садолар бойлиги ва ранг-баранглигини йўққа чиқармоқда.
Хуллас, Ғарб жамияти маънавий ҳаётида инқироз тушкунлиги туфайли бузғунчилик, оммавий невроз, ахлоқсизлик, тажовузкорлик каби ҳолатлар намоён бўлиб, тобора хатарли тус олмоқда. Зеро, глобаллашув жараёни, замонавий коммуникация тармоқларининг жадал ривожланиши, маданиятлараро, инсонлараро мулоқот кенгайиб бораётган бир паллада Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, аждодларимиз қолдирган маънавий-маданий меъросни асраб-авайлаш ва келгуси авлодларга беками-кўст етказиб бериш, ёшларимизни ақлли, доно, бахтли ва баркамол этиб тарбиялаш ғоят муҳим аҳамият касб этади.
Шу маънода турли ғоялар, ҳаётий қараш ва қадриятлар тўқнаш келган пайтда шахс масъулияти, у танлайдиган ижтимоий орзу-умидларнинг аҳамияти беқиёс даражада ортади.

 Мақсудов Азизбекнинг “Ўзбек миллий-диний қадриятлари
ва “оммавий маданият” ўртасидаги муносабат”
мавзусидаги битирув малакавий ишидан