Бугуннинг хаворижи – Ироқ ва Шом ислом давлати (ИШИД)дан йироқ бўлинг!

Хаворижлар – ИШИДнинг ғоявий аждодлари. Ислом тарихидан маълумки,

ўзларининг қабиҳ амаллари, ўзларидан бошқаларни инкор қилиб, қотилликлар қилган, Пайғамбаримиз (с.а.в.) саҳобаларига ҳам итоатсизлик қилиб, ҳатто улардан баъзиларини ўлдирган тоифа – “хавориж” (арабчадан: “чиқиб кетганлар”) ажраб чиққан. Улар дин номидан гапирса-да, ислом манбаларини ўзларича талқин қилиб, разил ғоялари билан қонли ишларни амалга оширганлар. Улар дастлаб сиёсий ғаразлари туфайли Усмон ибн Аффон (р.а.)нинг халифалик даврларида олиб борган сиёсатларидан норози бўлганлар. Кейинчалик, улар ҳатто Мадинага қўзғолончи кайфиятдаги одамларни тўплаб келиб, Усмон (р.а.)нинг халифаликни тарк этишларини талаб қилганлар. Бунга эриша олмагач, улар халифага асоссиз айблар қўйганлар. Кейинчалик, фитна уюштирган ҳолда, уйларига бостириб, Қуръони каримни тиловат қилаётган бир вақтда халифани ўлдирганлар.

Ислом уммати ўша даврда мана шу исёнчилар сабабли фитналар гирдобига кириб қолган. Халифани ўлдириб қўйган исёнчилар Абдуллоҳ ибн Ваҳб ар-Росибий ал-Аздинийни ўзларига халифа қилиб танлашган. Аммо, улар Мадина аҳли ва саҳобалар уларни тан олмасликлари, ҳатто қасос олишлари мумкинлигидан хавфсираб, Али ибн Абу Толиб (р.а.)ни халифа бўлишга ундаганлар. Али (р.а.) бунга дастлаб рози бўлмаганлар. Бироқ, исёнчиларнинг бебошлигидан келиб чиқиши мумкин бўлган фитналарни олдини олиш ва саҳобаларнинг илтимосларига биноан Али (р.а.) халифа бўлишга рози бўлганлар.

Ўша пайтда халифаликда вазият чигаллашиб борар эди. Шом волийси Муовия ибн Абу Суфён (р.а.) қариндошлари Усмон (р.а.)нинг ўлимларидан қаттиқ куюниб, жиноятчиларга тезда жазо берилишини истар эдилар. Лекин Али (р.а.) ўша қотиллар исёнчилар орасига беркиниб олганларини билса‑ларда, мусулмонлар орасида қон тўкилишини истамаганлар. Натижада шомликлар орасида обрўси баланд бўлган Муовия (р.а.) Али (р.а.)га байъат беришга шошилмаганлар.

Вазият шу даражага бориб етдики, фитна сабабли мусулмонлар икки томонга бўлиниб қолдилар. Улар:

Биринчи тараф: фазилат, саҳобалар орасидаги мартабалари, Пайғамбаримиз (с.а.в.)га қариндошлик жиҳатидан Али (р.а.)нинг Усмон (р.а.)дан кейин халифаликка муносиб билиб, сабр ва муроса билан фитнани бартараф этмоқчи бўлганлар;

Иккинчи тараф: тажрибали сиёсатчи, Шомда барқарор бўлган Муовия (р.а.)нинг қасосни ортга сурмаслик талабларига қўшилган ва Мадинага ўрнашиб олган бир тўда исёнчилар билан бирга бўлишни истамаганлар эди.

Албатта, бу бўлиниш мусулмонларга салбий таъсир қилиши ва уни тезда ҳал қилиш зарурлиги ҳар иккала томоннинг асосий мақсадларидан эди. Шунинг учун ҳам Али (р.а.) мусулмонлар яхлитлигини сақлаб қолиш, поракандаликни олдини олиш мақсадида ўзларига мойил бўлган ҳудудлардан қўшимча куч тўплашга киришганлар. Биринчи навбатда Ҳижоз уларга байъат қилган бўлса, Яман ва Ироқ аҳли ҳам Али (р.а.)ни қўллаш истагини билдирган. Шом ва Миср аҳли эса Муовия (р.а.) тарафида эди.

657 йилга келиб, Шом ва Ироқ оралиғидаги Сиффийн номли жойда Али ва Муовия (р.а.лар) ўртасида тўқнашув юзага келган. Мазкур жангда Шом қўшини чекиниш арафасида Муовия (р.а.) сулҳ таклифи билан чиққанлар. Али (р.а.)ни таклифни қабул қилганлар. Асосий масала ким халифа бўлиш борасида тарихда илк бор таҳким (ҳакамлик суди) асосида ҳал қилинишга келишилган. Унга кўра Али (р.а.) тарафларидан Абу Мусо ал-Ашъарий (р.а.) ҳамда Муовия (р.а.) номларидан Амр ибн Ос (р.а.) чиқиб, ўзаро сўнгги ҳукмни эълон қилишлари керак эди. Абу Мусо ал-Ашъарий (р.а.) халифаликка даъвогар бўлган ҳар икки саҳобани сиёсатдан четлаштириб, ҳамма учун улардан бошқа одамни халифа қилиб сайлаш таклифини берганлар. Амр ибн Ос (р.а.) эса Абу Мусо ал-Ашъарий (р.а.)нинг Али (р.а.)ни халифаликдан четлатиш фикрларига қўшилиб, Муовия (р.а.)ни ўз ўрниларида қолдирганларини эълон қилганлар. Мазкур сўз ўйинида ҳийла ишлатилган бўлса-да, кишининг лафзда туриши, аҳдига амал қилишга эътибор кучлилиги туфайли Муовия (р.а.) таҳкимга кўра халифаликни қабул қилганлар.

Оқибатда Усмон (р.а.) қасосларини олишга рағбатлари кучли бўлган Муовия (р.а.)га халифалик ўтиб кетганидан чўчиган ўн икки минг нафар исёнчилар мазкур ҳукмдан мутлақо норози бўлганини билдирганлар. Мана шу воқеадан сўнг улар Али (р.а.) билан бирга бўлган саҳобалар ва тарафдорларидан ажралиб чиққани учун “хавориж”, “хорижийлар” деб атала бошланган. Шунингдек, мазкур тоифа Ироқдаги Ҳарура қишлоғига жойлашганига “ҳарурийлар”, “Ҳукм фақат Аллоҳдан” деганларига “муҳаккима”, ўзларини бошқалардан устун қўйиб, Аллоҳ йўлида сотилганлар, бағишланганлар сифатида кўрганлари учун “шурот” деган номлар билан ҳам танилган.

Хорижийлар ҳар иккила тарафни куфрда айблаб, уларнинг моли ва жонини ўзларига ҳалол санаган эдилар. Кейинчалик, улар жоҳилона фикрлари, шафқатсизлиги ва мусулмонларни қонларини тўкишдан тўхтамаганлари учун уларнинг аксарияти халифа Али (р.а.) томонидан қириб ташланган.

Бу тоифа вакиллари бир нечта ғоялари билан саҳобалар ва улар билан бўлганлардан ажраганлар. Улар қуйидаги фикрларни илгари сурганлар:

- таҳким масаласи, “Жамал” (“Туя” жанги, 656 йилда Али (р.а.) билан Оиша, Талҳа ва Зубайр (р.а.лар)нинг ўзаро ихтилофлари) жангидан кейинги сулҳга рози бўлганлар кофирлардир;

- катта гуноҳ қилганлар абадий дўзахда қоладилар;

- золим бошлиққа қарши чиқиш фарздир, халифа Қурайшдан бўлиши шарт эмас, сайланган раҳбар хато қилса, у ҳукуматдан четлатилиб, ҳатто ўлдирилиши шартдир.

Кейинчалик хорижийлар бир нечта оқимларга бўлиниб кетганлар. Улар ичида энг ашаддийи бўлган Абу Рашид Нофиъ ибн Ал-Азрақ (684 йилда ўлдирилган) етакчилик қилган “азрақийлар” оқими бошқаларга нисбатан хунрезлиги билан ажралиб турган. 683 йилда улар Басрада исён кўтариб қуйидаги ақидаларни илгари сурган эдилар:

- Усмон ибн Аффон, Али ибн Абу Толиб, Оиша бинти Абу Бакр, Талҳа ибн Убайдуллоҳ, Зубайр ибн Аввом ва Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.лар) ва уларнинг тарафдорларининг ҳаммалари кофир бўлиб, жаҳаннамда абадий қоладилар;

- урушларда ўзларининг ўлдирилмасликлари учун бекиниб турганлар кофирдир, улар билан бирга аёл ва болаларнинг ўлдирилиши мубоҳдир;

- мушрикларнинг гўдак болалари ҳам оталари каби дўзахда абадий қолади;

- тақийя (ўлим хавфи аниқ вазиятда эътиқодини яшириш) ҳар қандай ҳолатда мутлақо мумкин эмас;

- катта гуноҳ қилганлар диндан чиқади;

- амир залолатга буюрса ҳам итоат этиш фарздир;

- амирга итоатсизлик қилган кофир бўлади ва ўлдирилиши керак.

Бироқ, ўша хорижийлар йўқ қилинган бўлса-да, афсуски, улар каби ғоялари ва қилмишлари билан муштарак тоифалар бугунгача ҳар асрда чиқиб келмоқда. Улар исломнинг шиорларини мақсад қилиб олиб, бироқ, замирида диндан узоқлашган ҳолда жабру ситам уруғларини сепганлар. Бу каби тоифалар тилида Қуръон, қўлида қурол билан ҳукм қилиб, гўёки, шариатни тадбиқ қиладилар. Аммо, уларнинг ўзлари, диллари, хулқларида на Қуръон на суннат жой олган эди. Улардан мусулмонлар безиб, зулм кўрдилар ва лаънатладилар.

Замонавий хорижийлик.Маълумки, ҳозирда Ироқ ва Суриядаги беқарор вазиятдан фойдаланган ҳолда, мазкур давлатларнинг аввалги иқтисодий, ижтимойи аҳволини баттар инқирозга юз туттираётган, геосиёсий ўйинларнинг таъсирида шакллантирилган ИШИД (Ироқ ва Шом ислом давлати, сўнгги пайтларда ИД - Ислом давлати ҳам дейилмоқда) террорчи ташкилоти бутун дунёга ўзининг хунрезликлари билан танилмоқда. Таъкидлаш керакки, уларнинг бу қилмишлари ислом шаънини кўтариш эмас, балки, муқаддас динимизга нисбатан нохолис фикрларнинг янада авж олишига хизмат қилмоқда холос. Ҳар бир аср ва замонага хос равишда турли фитналари билан ном чиқарган мазкур хорижийлик оқимларининг асосчилари, етакчилари, номи, қароргоҳидан қатъий назар умумий аломатлари, даъволари билан ўхшашдир. Қуйида уларнинг энг асосий белгиларини кўриб ўтамиз:

  1. 1. “Ҳукм фақат Аллоҳдандир” оятини нотўғри талқин қилиш (аслида эса уларнинг ўзлари Аллоҳ ва Пайғамбаримиз (с.а.в.) буюрмаган ишларни қилиб келганлар);
  2. 2. Ўзбошимчалик билан жиҳод эълон қилиш (аслида давлат раҳбарлари жиҳод эълон қилишга ҳақли);
  3. 3. Ўзбошимчалик билан халифа сайлаб олиб, унга ҳамманинг байъатини шарт қилиш (аҳли сунна вал жамоа ақидасида мусулмонларнинг аксарияти томонидан эътироф этилмайдиган шахсга байъат қилинмайди);
  4. 4. Ўзбошимчалик билан жоҳилона ҳадд (шариатдаги жазолар)ни нотўғри қўллаш (ҳаддларни ижросида жуда эҳтиёткорлик билан мужтаҳид қози томонидан ҳукм қилинади, ҳар ким ўзича жаҳл ва зулм билан ҳукм қила олмайди);
  5. 5. Фитна томон ҳижрат қилиш (аслида фитнадан қочилади, унга борилмайди);
  6. 6. Адолат талаб қилиб, зулмга қарши курашиши кераклигини даъво қилиш (аслида эса ўзлари адолатсизлик билан ҳаққи бўлмаган нарсаларни талаб қилиб, зулм қилишда ҳам чўққига чиққанлар);
  7. 7. Олим ва фозилларга қулоқ тутмаслик, одобсизлик қилиш, улардан ўзларини устун қўйиш, уларнинг адашганини даъво қилиш (аслида уларнинг ўзлари жоҳиллиги сабабли бошқаларни илмсизликда айблаб келганлар);
  8. 8. Мусулмон бошлиққа бўйсунмаслик, унинг итоатидан чиқиб кетиш (агар уларга энг афзал раҳбар таклиф қилинса, ундан ҳам айб топадилар);
  9. 9. Мусулмонлар билан сулҳдаги, аҳдлашганларнинг қонини тўкиш ва молига тажовуз қилишни ўзларига ҳалол санаш;
  10. 10. Мусулмонларнинг қонини тўкиш ва молига тажовуз қилишни ўзларига ҳалол санаш.

Мазкур аломатларнинг қайси бири мавжуд бўлган тоифа ҳеч шубҳасиз, хаворижлардан бўлади. Ислом ҳар қандай залолатга қарши ва зулмни қоралаган, шу боис уларнинг адашган тоифа эканига шубҳа билдирган ёки уларнинг ёнини олмоқчи бўлганлар холис эмасликлари аниқдир.

Ироқда пайдо бўлган ИШИДдан йироқ бўлиш лозим, чунки бундай гуруҳ чиқиши ҳақида жуда кўп ҳадислар келган. Жумладан, Башир ибн Амр (р.а.)дан ривоят қилинади: Мен Саҳл ибн Ҳунайфга:Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг хорижийлар ҳақида бирор гап айтганларини эшитмаганмисан?” дедим. Саҳл: “Мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг Ироқ тарафига қўллари билан ишора қилиб: “У ерда Қуръонни бўғзидан нарига ўтмайдиган қилиб ўқийдиган ва камондан отилган ўқдек исломдан чиқиб кетадиган қавм пайдо бўлади”, деб айтганларини эшитганман, деди («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 6934).

Таъкидлаш зарурки, мақолада келтириладиган далиллар Қуръони карим оятлари ва ҳадислардан олинган. Уларга беэътиборлик ёки менсимаслик назари билан қарашнинг оқибати ёмон. Айниқса, ўзларини ҳақ деб бошқаларни куфр ва мунофиқликда айблаётган гуруҳлар бу огоҳлантиришлардан сўнг ҳам кўзларини юмсалар, бу дунё-у охиратда жазосиз қолмайдилар.

Қуйида юқорида қайд этилган хорижийлик оқимларининг даъволари ва умумий аломатларига нисбатан ислом динининг мўътабар манбаларига биноан муносабатни кўриб чиқамиз.

 

1. “Ҳукм фақат Аллоҳдандир” оятини нотўғри талқин қилиш:

Бугунги террорчи ва экстремистик гуруҳларнинг “Ҳукм фақат Аллоҳдандир” (“Анъом” сураси, 57) оятини ўзларига шиор қилиб, замонавий қонун ва низомлар остида яшаб турган мусулмонларни кофирликда айблашлари ўтмишдаги хорижийларнинг ғояларига мувофиқ келади. Тарихда улар муҳкам (кимни халифа бўлиши ҳукмида Абу Мусо ал-Аъшарий (р.а.) ва Амр ибн Ос (р.а.)ларнинг вакил бўлишлари) воқеасига норозилик билдириб, ҳар иккала томон Аллоҳнинг ҳукмидан бўлмаган ишни, таҳким (ҳақамлик суди)ни қўлладилар деб, уларни кофирликда айблаган эдилар. Аслида эса бу улар учун баҳона эди холос.

Бугунги хорижийлар ҳам ягона ислом давлатининг мавжудмаслиги, замонавий қонунчилик, давлатчилик тузумларининг жорий қилингани, уларда шариат меъёрларининг ўрни йўқлигини баҳона қилмоқдалар. Чунки, улар бу айб билан барчани қоралашга, уларга қарши курашга ундашга уринмоқдалар. Улар ўзларидан бошқаларни гўёки, Аллоҳнинг ҳукмига зид иш қилаётганлардан деб кўрсатмоқчилар.

Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг мавлолари Убайдуллоҳ ибн Абу Рофиъ (р.а.)дан ривоят қилинади: Али ибн Абу Толиб (р.а.) билан бирга бўлган Ҳарурийя (Ироқдаги мазкур қишлоққа жойлашиб олган тоифа) ажраб чиққанда, улар: “Аллоҳнинг ҳукмидан ўзга ҳукм йўқ” дедилар. Али (р.а.): “Ҳақ сўз билан ботил ирода қилинди. Албатта, Расулуллоҳ (с.а.в.) мен анавиларда кўраётган сифатларни одамларга таърифлаган эдилар” дея: “Тиллари билан ҳақни гапирадилар”, томоғига ишора қилган ҳолда: “лекин бундан ўтмайди, улар Аллоҳ учун Унинг махлуқлари ичида энг нафратланарлисидирлар. Улардан бири қора бўлиб, унинг бир қўлида қўй ёки одам кўкрагининг учи бор”, деб айтди” («Саҳиҳи Имом Муслим»: 2517).

Мазкур ҳадисдаги тиллари билан ҳақни гапирадилар жумласи ҳақ қалбларига етмайди, хулқларида ундан асорат ҳам бўлмайди деганидир.

Таҳким масаласига келсак, саҳобалар улардан илм ва фазилатда устун эдилар. Улар бирор бир масалада ижтиҳод қилсалар, уларнинг асосли ҳужжатлари бўлган. Халифа номидан уларнинг даъволарига раддия бериш учун хорижийлар билан баҳсга борган Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) таҳким масаласи бўйича “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз.” (“Нисо” сураси, 35) ва “... Эҳромда бўла туриб, овни ўлдирмангиз! Сизлардан кимки уни қасддан ўлдирса, (жазоси) худди (хонаки) ҳайвон ўлдириш билан баробар жазодир: у (ҳам бўлса) Каъбага (юриб) бора оладиган қурбонлик бўлиб, унга ўзларингиздан икки адолатли киши ҳакамлик қилур ёки (жазоси) каффорат” (“Моида” сураси, 95) оятларини далил сифатида келтирганида, улардан икки минг нафари адашганликларини тан олган эдилар.

Уларнинг даъволарида гўёки, Аллоҳнинг ҳукмини ўрнатмоқчи бўлганларини исботламоқчи бўладилар. Аллоҳ ва Унинг Расули улар қилаётган қонхўрлик, зулм ва фитнадан покдир. Демак, уларнинг ўзлари бу борада осийдир. Уларнинг ўзлари Аллоҳнинг ҳукми билан иш тутмаяптилар.Қуръони карим ва ҳадисларда мусулмонлар куфрда айбланиб, ўлдиришга буюрилмагани ва фитнадан узоқ бўлишимиз зарурлигини қатъий таъкидланган. Зеро, хорижийларнинг ўзлари Аллоҳ таолонинг: “... Аллоҳ нозил қилган нарса (оятлар) билан ҳукм қилмаганлар – ана ўшалар кофирдирлардир” (“Моида” сураси, 44), деб марҳамат қилган оятидан огоҳ бўлишлари зарур.

 

2.Ўзбошимчалик билан жиҳод эълон қилиш:

Бугунги хорижий тоифалар ғоявий аждодларининг хатоларини такрорламоқдалар. ИШИДнинг аъзолари ўзини мусулмон ҳисоблаб турганларни ҳам аямай ўлдиришмоқда. Ўзларича жиҳод эълон қилиб, Ироқ ва Шом мазлумларига ёрдам бермоқчимиз деган даъвони қилмоқдалар. Маҳаллий аҳолий эса зулмдан нажот топгани йўқ, балки энди аҳволлари одамийликдан чиқиб кетган золимлар қўлига ўтиб қолганини тушуниб етмоқдалар. ИШИД томонидан турли медиа воситалари орқали мусулмонларни қатл қилаётгани лавҳалари берилмоқда. Ташкилот аъзолари одамларни қўйдек бўғизлаганларидан фахрланишиб, буни “фитнага, зулмга қарши жиҳод” деб оқлашмоқда. Ҳолбуки, улардан аввал ҳам бу каби қилмишларини оқлашга уринганлар бор эди. Жумладан, Абу Шайба Усома ибн Зайд (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Расулуллоҳ (с.а.в.) бизни сарияга жўнатдилар. Биз тонгда Жуҳайна тепаликларига етиб бордик. (Кофирлардан) бир кишини кўриб, унга етиб олдим, у эса: “Ла илаҳа иллоллоҳ” деб айтворди. Уни ўлдириб қўйдим. Қилмишим хаёлимдан кетмади. Уни Набий (с.а.в.)га айтдим. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ла илаҳа иллоллоҳ, деса ҳам ўлдирдингми!?”, дедилар. Мен: “Эй, Аллоҳнинг Расули, у қуролдан қўрқиб айтди‑ку!”, дедим. У зот менга: “Уни қалбини ёриб, (аслида нима учун) айтганини била олдингми!?”, дея жуда кўп такрорлаб кетдилар, мен шоядки, шу пайтгача мусулмон бўлмаганимда эди деб орзу қилдим”, деди. Саъд: “Аллоҳга қасамки, Зулбутайн (қорни чиққан), яъни Усома (яна одам) ўлдирмагунича, мусулмонни ўлдирмайман!”, деди (тарж: Саъд Усома ибн Зайд (р.а.)нинг пушаймонлигидан бошқа бундай хато қилмасликларини аниқ билиб айтмоқда). Шунда бир киши: “Ахир Аллоҳ таоло: “Улар билан то фитна (йўқ) бўлмагунча ва диннинг ҳаммаси Аллоҳга бўлгунча, уруш қилинг” (“Анфол” сураси, 39), демаганми!?”, деди. Саъд: “Биз фитна бўлмаслиги учун курашганмиз, сен ва шерикларинг эса фитна бўлиши учун урушишни хоҳлаяпсизлар”, деди («Саҳиҳи Имом Муслим»: 287). Мазкур ҳадисдан кўриниб турибдики, саҳобалар курашган жиҳод мутлақо бошқа мақсад учун бўлган. Ҳозирги ИШИД аъзолари қилаётганлари қотилликдир, бу уларнинг залолатдалиги ва замонавий хаворижнинг бир оқими эканини кўрсатади.

Хаворижлар ҳар доим ўз қилмишларини Қуръон оятлари ва ҳадислар билан беркитишга уринганлар. Лекин улар жоҳиллиги туфайли оят ва ҳадисларнинг мазмуни ва моҳиятига етиб бормасдан уни ўринсиз қўллаб келганлар. Шунинг учун уларнинг адашганликлари ва энг ёмонлардан бўлгани учун уларга қарши курашиб келинган. Абдуллоҳ ибн Умар ибн Хаттоб (р.а.) хорижийларни Аллоҳнинг энг ёмон махлуқотларидан бири ҳисоблаб: “(Хорижийлар) кофирлар ҳақида нозил бўлган оятларга ёпишиб олиб, уларни мусулмонларга қўлладилар”, ­­­­­­­­­ деган эди («Саҳиҳи Имом Бухорий»: Хорижийлар ва ҳақ йўлдан озганларнинг айблари тасдиқланса, қатл қилиш боби).

Ислом ақидасига кўра жиҳод, уруш эълон қилиш фақат давлат раҳбарининг буйруғи асосида бўлган тақдирдагина мумкин. Ҳеч кимнинг ўзича жиҳод эълон қилишга ҳаққи йўқ. Ҳозирги пайтда бирор мусулмон мамлакатларининг раҳбари бундай буйруқ бермади. Шундай экан, жиҳодга даъват қилаётган гуруҳларнинг айтганлари ботилдир. Ироқ ва Суриядаги мусулмонлар “зулмда қолиб кетди, улар кофирлар қўлига ўтиб кетди, уларга ёрдам бериш фарз бўлди”, деб жиҳодга даъват этаётганлар ва уларга қўшилиб бораётган хорижий жангарилар турли геосиёсий мақсадларда тарқатилаётган ахборот воситаларидаги хабарларга ишониб кетмасдан, бошқа давлатнинг ички сиёсатига аралашиб, вазиятни янада чигаллаштириб, оддий мусулмонларга зарар еткизаётганлари учун жавоб беришларини ўйлашсин. Зеро Аллоҳ таоло: “Эй, Мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингиздан пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (“Ҳужурот” сураси, 6), деб огоҳлантиради.

Аввало ҳар қандай ҳолатда ҳам муаммони тинч йўллар билан ҳал қилишга буюрилган. Таъкидлаш керакки, Ватанда мусулмонлар фаровонлигини ўйлаб, тинчликка чақираётганларни қўрқоққа чиқарилмоқда. Аслида қўрқоқлар ўзини юрти ва ҳатто оиласидаги муаммоларни ҳал қила олмай, бегона юртга бориб, номардларча ниқобга бекиниб “мужоҳид” бўлиб олган, “ҳаммани сўямиз, қонлар оқизамиз” деганлардир.

Мусулмон киши урушни орзу қилмасдан, тинчик тарафдори бўлиши зарур. Мусо ибн Уқбадан ривоят қилинади: Абдуллоҳ ибн Абу Авфонинг Умар ибн Абдулазизга йўллаган мактубини унинг котиби Солим ўқиб берди. Мактубда: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Душман билан тўқнашишни орзу қилманглар, Аллоҳдан офият тиланглар!”, дедилар”, деб ёзилган экан («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 7237).

Мусулмон киши ўлимни орзу қилмасдан ҳаётдаги синовларга бардош бериши, имкон қадар ўзидан яхши из қолдириши зарурдир. Зуҳрийдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ҳеч қайсинингиз ўлимни орзу қилманг, агар бундан кейинги ҳаётингизнинг бирор манфаати бўлса, эҳтимол Аллоҳ умрингизни узайтирар, башарти, беҳуда бўлса, балким, қисқартирар”, деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 7235).

Шундай экан, ИШИД ва унга ўхшаш тоифалар нима учун ва кимга қарши жиҳодга чиқиб кетаётгани, кимлардан фатво олаётганини текшириб кўришлари даркор. Юқорида келтирилган Қуръон оятлари ва ҳадисларга амал қилмасдан, ўзлари Аллоҳнинг ҳукмидан бошқача ҳукм чиқариб қўйганлари ҳақида фикр қилишлари лозим.

 

3.Ўзбошимчалик билан халифа сайлаб олиб, унга ҳамманинг байъатини шарт қилиш:

ИШИД ўзига Абу Бакр Бағдодий номли шахсни халифа қилиб олиб, унга барча мусулмонларнинг байъат қилишга чақирмоқда. Маърузаларида битта ҳадисни тўғри айтолмайдиган, ўзини аслида кимлигини яшириб, “Пайғамбар (с.а.в) авлодиданман, Қурайшданман” деган ёлғончига ишониш керак эмас.

Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Охир замонда сохта пайғамбарлар, ёлғончилар чиқиб, сизлар ва сизларнинг оталарингиз эшитмаган ҳадислардан айтадилар. Бундай қилишга сизларнинг ҳам уларнинг ҳаддилари сиғмасин! Улар сизларни ҳидоятдан буриб, фитнага сола олмайдилар”, деб айтдилар («Саҳиҳи Муслим»: 16).

Ҳақиқатдан ҳам шундай, авваллари ҳам мусулмонларни тўғри йўлга бошлаган олимлар, ҳалиҳамон ҳидоят йўлига тарғиб қилишда давом этмоқда. Шунинг учун ҳам улар ҳадисда келганидек, хавориж фитналарига учмадилар. Хаворижларга эса чаласавод, ўзларини хатосини англамаётган ёшлар қўшилмоқда холос.

ИШИДнинг сохта даъватлари сабабли мусулмонларнинг бўлинишига олиб келмоқда. Жумладан, ҳадисларда бу каби сохта халифалар чиқиши ҳақида огоҳлантирилган. Абдуллоҳдан ривоят қилинади: “Албатта, шайтон бир киши қиёфасига кириб, халққа ёлғон ҳадис айтганда, улар фирқаларга бўлинадилар. Улардан бири: “Мен юзини танийману, аммо исмини билмаганим кишидан ҳадис эшитдим”, дейди”, деди («Саҳиҳи Муслим»: 17).

Бу каби “даъватчи”ларга эргашганлар зарар кўришлари аниқ. Абу Идрис ал-Хавалоний Ҳузайфа ибн ал-Ямон (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “... жаҳаннам дарвозасига даъват қилувчилар пайдо бўлади, кимки уларнинг даъватига жавоб қилса, уни жаҳаннам қаърига улоқтирадилар”, ­­дедилар. Мен: “Эй, Аллоҳнинг Расули, ўша кишиларни бизга тавсифлаб беринг!”, дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Улар ўз уруғимиздан бўлиб, бизнинг тилимизда сўйлайдилар”, дедилар. Мен: “Агар мен ўша даврда ҳаёт бўлсам, нима қилишимни буюрасиз?”, дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мусулмонлар жамоасидан айрилмагин, уларнинг имомларига эргашгин!”, дедилар. Мен: “Башарти, ўша замонда на мусулмонлар жамоаси на имомлари бўлмаса-чи?”, дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Гарчи дарахт томирини кемириб кун кўришингга тўғри келса ҳам сени сабр қилишга даъват қилувчи Аллоҳни қалбингга маҳкам тугиб олгин-да, ўла-ўлгунингча ўша замон фитначиларидан йироқ бўлгин!”, деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 7084).

Мазкур ҳадисда ҳатто умумий мусулмонлар жамоаси ва имомлари бўлмасачи дейилмоқдаки, бундан умумий халифалик ва халифа бўлмайдиган замонлар келиши башорат қилинганини англаш қийин эмас. Демак, Аллоҳ Ўз Пайғамбарига келгусида бўлажак ишлардан дарак берган. Бу эса “ўша пайтда қийинчиликлар кўрсанг ҳам, имонини қалбда сақлаб, фитналарга яқинлашма” деганидир. Лекин “халифа бўлмай қолса, халифа топмасанглар бўлмайди, тезда ўзларингга халифа сайлаб олинглар, унга ҳамма бўйсунсин” деган кўрсатма берилмаган.

ИШИДнинг сохта халифаси ва унга эргашганлар бўйинларига оғир сиртмоқни илмоқдалар. Ҳатто адолатли халифа бўлганУмар (р.а.): “Дилимда умид ва қўрқинч мавжуд бўлиб, ўзимга на фойда на зарар келтирмаган ҳолда халифаликдан қутулсам, дейман, чунки унинг юкини тириклигимда ҳам ўлганимда ҳам кўтара олмайман”, деган эди («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 7218).

ИШИДнинг аъзоларининг хунрезликларидан бири 2015 йил 3 февраль куни асирга тушиб қолган иорданиялик ҳарбий учувчини ўтда куйдиргани бўлди. Наҳотки, улар ўзларининг сохта халифалари “одамларни сўйиб ташлаб, бошларини узиб, таналари хор қилинглар, ёқинглар, ҳеч ким қолмасин, ҳаммани жазоланглар” деса, эргашиб кетавериладими!? Ҳатто улар мусулмон бўлса ҳам асирларга шафқатсизларча муносабатда бўлиб, уни ўтда ёқадиларми!? Ахир мусулмонларни қатл қилишлари етмаганидек, олов билан ўлдиришдан қайтарилган‑ку!

Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилинади:Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ таолонинг азоби билан азоб берманглар”,­­­­­­ деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 6922; «Сунани Имом Термизий»: 1530). Ўзларини Аллоҳнинг ҳукми, шариатини ўрнатмоқдамиз деб ўйлайдилаганлар ўзаро адолатни ҳам ўрната олмайдилар. Чунки, улар Аллоҳ ва Унинг Расули тақиқлаган нарсани қилмоқдалар. Улар эртага сохта халифаларини ўртага қўйиб, “буни менга у буюрган эди, мен билмагандим” деган баҳона қилолмайдилар. Улар ҳар бир қилган хунрезликлари учун жавоб беришга тўғри келадилар.

Али (р.а.)дан ривоят қилинади: (Аскарларни синаш учун амирнинг уларга гулханга киринглар, деган буйруғига иккиланиб, тўхтаганлар хусусида) Расулуллоҳ (с.а.в.): “Агар улар оловга кирганларида ундан Қиёматгача чиқолмас эдилар. Гуноҳ ишга итоат қилинмайди, эзгулик йўлида берилган фармон бўйсунилади”, деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 7257).

 

4.Ўзбошимчалик билан жоҳилона ҳадд (шариатдаги жазолар)ни нотўғри қўллаш:

Бугунги хаворижлар ислом манбаларини ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида қўлламоқдалар. Ваҳоланки, Аллоҳ таъолонинг Ўзи Қуръони каримдан фойдаланишда раҳм-шафқатли бўлишга чақирмоқда. “Биз Қуръонни мўминлар учун шифо ва раҳмат ўлароқ нозил қилурмиз. У золимларга зиёндан бошқани зиёда қилмас” (“Исро” сураси, 82).

Мусулмон киши раҳмдил, кечирувчан бўлиши лозим. Ҳар бир нарсада меъёр бўлиши керак. Жуда сустлик ҳам жуда қаттиқлик ҳам зарарли бўлади. Исломда мусулмонлар холис ва адолатли, ўртаҳол бўлишга буюрилган. Зеро, Аллоҳ таоло: “... ва Пайғамбарнинг сизларга гувоҳ бўлиши учун “ўрта уммат” қилиб қўйдик” (“Бақара” сураси, 143), деб марҳамат қилади.

Динимиз инсонпарварлик, эзгулик ғояларини илгари суради. Шунинг учун мусулмонлар ўзаро ибодат, муомала муносабатларида ҳам меъёрга этибор беришлари лозим. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Дин енгилдир, ҳеч ким уни қийинлаштириб юбормасин, мабодо, қийинлаштириб юборса, дин уни енгиб қўяди...”, ­­дедилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 39).

Бироқ, ИШИД аъзоларининг ўзларича ҳадд, шариат жазоларини қўллаётганлари зулмдан бошқа нарса эмас. Чунки улар ҳаммага нисбатан умумий айб қўйиб, уларни исбот ва далилсиз жазолашга тушдилар. Фитна пайтида улар қандай қилиб, кимнинг нима жиноят қилгани, гувоҳлар, далилларсиз кишининг айбдорлигини қаердан билиб қолишди!? Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Умр тез ўтадиган бўлиб қолади, эзгулик камайиб боради, хасислик кучаяди, фитналар юзага келади ва ҳарж кўпаяди”, ­­дедилар. Саҳобалар: “Эй, Аллоҳнинг Расули, ҳарж нима?, дейишди. У зот: “Қотилликдир, қотилликдир!”, деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 7061).

Қотилликлар қилиб, яна уларни ҳаммага кўрсатиб қўйиш учун видеотасвирга олаётганлар ва уларни интернет тармоқларида тарқатаётганларнинг аҳволи ачинарли. Бу уларнинг нақадар ёвуз табиатли эканини кўрсатмоқда. Абу Зарр (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.) айтдилар: “Мендан кейин умматимдан ёки мендан кейинги бўладиган умматимдан (бу ерда ровийнинг иккиланиши) Қуръон ўқиганда, у халқумларидан ўтмайдиган, диндан худди камондан ўқ чиққандек, чиқиб кетиб, кейин унга қайтмайдиган қавм бўлади. Улар одамлар ва махлуқотларнинг ичида энг ёмонларидир” («Саҳиҳи Имом Муслим»: 2518).

ИШИД аъзолари шу даражада ваҳшийликка бордиларки, улар томонидан 2015 йилнинг 20 январида Мосул шаҳридаги 13 нафар ўсмир футбол бўйича Осиё чемпионати доирасида Ироқ ва Иордания ўртасидаги ўйинни томоша қилгани учун отиб ташланди. Бундан ортиқ ҳаддан ошишлик мумкинми!? Улар нима асосда ҳукм қилиндилар?

Махлуқотларнинг энг ёмони деган сифатга эга бўлиб қолишдан эҳтиёт бўлиш керак. Акс ҳолда бундай сифатли киши ўзини мусулмон ҳисобласа­­‑да, Қуръон ўқиса‑да, дунё ва охиратдаги нажотдан бенасиб қолиши аниқ.

 

5.Фитна томон ҳижрат қилиш:

Бугунги кунда ИШИДнинг Ироқ ва Сурия ҳудудларида турли фитналар қилиб, бошқаларни ҳам уларга қўшилишлари учун ўз юртларини тарк этиб, ҳижрат қилишга чақирмоқдалар. Ваҳоланки, Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: Макка фатҳи куни Расулуллоҳ (с.а.в.): “(Бугундан кейин) ҳижрат йўқ”, деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 3077).

Бегона юртга бориб олиб, у ерда ўз мамлакатлари раҳбарлари, сиёсий тузумни очиқча қоралаб, Ватанга нисбатан нонкўрлик қилиб, улар бу ишлари билан оғир гуноҳ қилмоқдалар. Зеро,Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.)дан ривоят қилган ҳадисда шундан дейилади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “...ҳокимият итоатидан заррача чиққан киши жоҳилият давридаги (итоатсиз кишилар каби) ўлим топади”, ­­деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 7053).

Улар бу қилмишлари билан очиқча хоинлик қилдилар. Хоинлар эса кечирилмайди. Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Қиёмат куни ҳар бир хиёнаткорнинг тепасига унинг хоинлигини англатувчи туғ ўрнатиб қўйилади”, ­­­­­­­­­ деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 6966).

Бир тўда исёнчиларга қўшилиб, тинч аҳолига тегишли уй‑жойлар, уларнинг ерлари ва молларига тожовуз қилаётган золимлар охират куни қаттиқ ҳисоб қилинади. Саид ибн Зайд (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимки ўзганинг еридан озгинасини (бўлса ҳам) зулм билан тортиб олса, (Қиёмат куни ўша) ер унинг бўйнига етти қават бўйинтуруқ қилиб осиб қўйилади”, ­­дедилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 2452).

Яна ўша аҳоли ўз оиласи, мулки ва юртини ҳимоя қилса, у куфрда айбланиб, ўлдирилмоқда. ИШИД аъзоларидан ўлганлар эмас, ўша маҳаллий исёнчилик қилмаган мусулмонлар ҳақиқий шаҳиддир. Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимки ўз молини ҳимоя қилаётиб ўлдирилса, шаҳиддир”, ­­дедилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 2480).

 

6.Адолат талаб қилиб, зулмга қарши курашиши кераклигини даъво қилиш:

ИШИД аъзолари гўёки, шариат ўрнатиш ва зулмни бартараф қилиб, ўзларини “адолатпарвар” қилиб кўрсатмоқдалар. Амалда эса улар мусулмонга зулм қилишда аввалги хорижийлардан ҳам ўтиб кетмоқда. Бунга ИШИД жангарилари томонидан 2014 йил 3 октябрда икки нафар мусулмон араб ҳайдовчиларини намоз фарзларини айтиб бера олмагани учун қатл қилганлари мисол бўлади. Улардан аввалги хорижийлар ҳам, уларнинг аждодлари ҳам сурбетларча Пайғамбаримиз (с.а.в.) ва уларнинг саҳобаларини адолатсизликда айблаган эди.

Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в.) Жиъронада эканларида Ҳунайн томондан бир одам уларнинг олдиларига келди. Билолнинг кийимида кумуш бор эди, Расулуллоҳ уни олиб, одамларга берар эдилар. Ҳалиги одам: “Эй, Муҳаммад, адолатли бўл!”, деди.Улар: “Шўринг қурисин! Агар мен адолатли бўлмасам, ким ҳам адолатлироқ бўлар эди? Агар мен адолатли бўлмасам, мен ва ҳаммаси ҳалок бўладику!”, деб айтдилар. Шунда Умар ибн Хаттоб: “Эй, Аллоҳнинг расули, бу мунофиқни ўлдиришга изн беринг!”, деди. Улар: “Аллоҳ асрасин! Энди одамлар мен ўз саҳобаларимни ўлдираётганимни гапиришсинми!? Бу ва унинг шериклари Қуръон ўқийдилар. У (қироат) уларнинг халқумларидан (пастга) ўтмайди, улар ундан (диндан) худди камоннинг ўқи отилганидек чиқиб кетадилар”, деб жавоб бердилар” («Саҳиҳи Имом Муслим»: 2496).

Дарҳақиқат, улар оддий мусулмонларга нисбатан ҳар томонлама дин амалларини бажараётгани, ибодатлироқ, тақволироқ кўринишга урингани билан қалбларини эса ғурбат босиб кетган. Жоҳиллик қилаётганини ҳам англаб етмайди.

Ҳатто одиллиги бўйича барча тан оладиган Умар ибн Хаттоб (р.а.)нинг ҳузурига бир киши кириб: “Эй, ибн Хаттоб, Аллоҳ ҳақи, сен бизга кўп ҳақ бермайсан ва бизнинг ишимиздан адолатли ҳукм чиқармайсан!”, деганида халифа унга жазо бермоқчи бўлди. Бироқ, Ал-Ҳарр ўртага тушиб: “Авфни (қабул қилиб) олинг, яхшиликка буюринг, жоҳиллардан юз ўгиринг!” (“Аъроф” сураси, 199) оятини эслатиб, ҳалиги одамни мана шу жоҳиллардан эканини айтган эди (бу воқеа «Саҳиҳи Имом Бухорий»: 7286-ҳадисда батафсил келган).

 

7.Олим ва фозилларга қулоқ тутмаслик, одобсизлик қилиш, улардан ўзларини устун қўйиш, уларнинг адашганини даъво қилиш:

Айтиш жоизки, ИШИДнинг аъзолари ўзларини Аллоҳга тақво қилаётганлари кўрсатиб, аммо жоҳиллик билан олимларнинг насиҳатларига эътиборсизлик, саркашлик ва ҳатто уларнинг жонига қасд қилаётганлари ачинарли. Жумладан, 2014 йилнинг июнида ИШИД аъзолари томонидан Мосул шаҳридаги масжидда 14 нафар имомни ўлдирганлари бунга далил бўлади.

Ваҳоланки, Аллоҳдан қўрқиш ва тақво бўйича олимлардан ўзиб кетиш мумкин эмас. Зеро, Аллоҳ таоло: “Албатта, Аллоҳдан Унинг бандалари ичидан олимларигина қўрқадилар” (“Фотир” сураси, 28) деб марҳамат қилади.

Худди аввалги хавориж тоифалари орасида кўпчилик мусулмонлар томонидан эътироф этилган олимлар бўлмаганидек, бугунги ИШИД ва унга ўхшаш гуруҳлар орасида мусулмон олами тан олган илм аҳлларидан бирор киши йўқ. Тарих гувоҳки, саҳобалар Расулулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга замондош бўлганлари, улардан илм олгани учун ҳам, ҳатто улкан фитналар авж олганда ҳам уларнинг бирортаси хорижийларга қўшилиб кетмади. Ўша хорижийлар исломга саҳобалардан анча кейин кириб, бироқ, ибодатда, амалда улардан ҳам ўзиб кетмоқчи бўлдилар. Бу ҳаддан ошиш эди. Шунинг учун замонавий хорижийларнинг диний амалларни бажаришга муккасидан кетганига алданиб қолмаслик зарур.

Зайд ибн Ваҳб ал-Жуҳаний (хорижийларга қарши Али (р.а.) қўшини орасида бўлганлардан бири)дан ривоят қилинади: Али (р.а.): “Эй, одамлар, мен Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: “Менинг умматимдан шундай халқ чиқадики, сизларнинг қироатларингиз уларникига нисбатан арзимас, намозларингиз уларникига нисбатан арзимас, рўзаларингиз уларникига нисбатан арзимасдир. Қуръон ўқийдилар-у, уни ўзларининг фойдасига деб ўйлайдилар. Аксинча, у уларнинг зараригадир. Уларнинг намозлари беҳуда илтижодир холос...”, деганларини эшитдим” («Саҳиҳи Имом Муслим»: 2516; бошқачароқ лафзда «Саҳиҳи Имом Бухорий»: 6931).

Хавориж тоифаларга раддиялар берилса, ўзларининг оқлашга далил топа олмасдан, олимларнинг шахсияти ва обрўсини тўкишга уринадилар. Улар бу жоҳилликлари билан фақат ўзларини шарманда қиладилар холос.

Тариф Абу Тамиманинг Жундубдан ривоят қилинган ҳадисда: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимки бировни шармисор қилса, Аллоҳ ҳам уни Қиёмат куни шарманда қилади, кимки ўзгаларни қийнаса, Аллоҳ ҳам уни Қиёмат куни қийнайди”, деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 7152).

Бугунги дунёнинг геосиёсий манзараси қалтис бир вазиятда мусулмонларнинг турли фитналарга аралашиб қолмасликлари, уларнинг ўзаро аҳллиги, тинчлиги ва хавфсизлиги учун тиним билмаётган давлат раҳбарлари, олимлари ва диний арбобларининг обрўсини турли интернет сайтлари орқали камситишдан нарига ўтмаётган бу тоифалар ҳар бир иғво ва туҳматларига жавоб беришлари керак бўлади.

 

8.Мусулмон бошлиққа бўйсунмаслик, унинг итоатидан чиқиб кетиш:

Исломда мусулмонлар ўз раҳбарларига бўйсунишлари, ўша раҳбар атрофидаги сиёсий ва диний арбобларга итоат этишлар мажбурийдир. Зеро, Аллоҳ таоло: “... Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!” (“Нисо” сураси, 59), деб айтади.

Мамлакат ичкарисида оғзини очмасдан хориж давлатларидан бошпана топиб олиб, у ердан туриб турли иғво гапларни кўпайтирганларнинг бу қилмишлари иккиюзламачиликдир. Осим ибн Муҳаммаддан ривоят қилинади: Бир гуруҳ кишилар Умар (р.а.)га: “Биз султонимизнинг ҳузурига кирганимизда унга унинг ҳузуридан чиққанимизда айтадиган гапимизнинг аксини айтамиз”, дейишди. Умар (р.а.): “Биз буни мунофиқлик деб атар эдик”, деди («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 7137).

Хаворижларга қўшилиб қолганларга итоат этиш буюрилган эди. Улар эса динда қораланган бўлса‑да, исён қилмоқда. Жарир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Имконинг борича қобилу итоаткор бўлгин ва ҳар бир мусулмонга насиҳат қилгин!”, деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 7204).

ИШИД ва унга ўхшаш тўдаларга молиявий таъминот берилмаса, улар керак бўлса, ўзларининг сохта халифаларини тарк этиб, бошқа ҳомийлари қўйнига ўтишлари ҳеч гап эмас. Зеро, Аллоҳ таоло: “...Уларга у (садақа)лардан берилса, рози бўладилар. Борди-ю, уларга улардан берилмаса, унда улар бирдан аччиқланадилар” (“Тавба” сураси, 58), деб айтади.

Турмушдаги ижтимоий-иқтисодий аҳволидан норози бўлиб, уни давлат раҳбарларига тўнкашга уринаётганлар, ўзларига янги ҳомий топгач, Ватанларини ҳам арзимаган нарсага сотиб кетаётганлар ҳали кўп афсус чекадилар. Абу Ҳурайра (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ таоло Қиёмат куни уч тоифа бандаси билан сўзлашмайди ҳам, мағфират қилмайди ҳам, улар қаттиқ азобда қоладилар. ... улардан бири бир одамга мол-дунё орттириш ниятидагина байъат қилиб, у айтганини бериб турсагина байъатига вафо қиладиган...”, деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 7212).

 

9.Мусулмонлар билан сулҳдаги, аҳдлашганларнинг қонини тўкиш ва молига тажовуз қилишни ўзларига ҳалол санаш:

Бугунги кунда диний ва миллий бағрикенгликни тарғиб қилиш ва бу йўлда самарали натижаларга эришиш жуда муҳим. Чунки давлатнинг равнақи, тараққиёти, қолаверса, унинг хавфсизлиги динлараро ва миллатлараро тотувликка боғлиқ бўлмоқда. Шунингдек, динимизда ҳам бағрикенглик тамойили бирламчи масалалардан бири ҳисобланади. Абдуллоҳ ибн Амр (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимки аҳдлашганни (зиммийни) ўлдирса, жаннат бўйини ҳидламайди, жаннат ҳиди эса қирқ йиллик масофадан келиб туради”, ­­­­­­­­­ деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 6914). Аҳли китоб ва тинчлик билан яшаётган бошқа дин вакилларининг ўлдириб қўйиб, жаннатни орзу қилаётганлар хом хаёлларга берилишмасин.

Ҳатто Пайғамбаримиз (с.а.в.) бошқа дин вакиллари орасида уларнинг пайғамбарларини мендан устун қўйманглар деб кўрсатма берганлар. Бу диний бағрикенгликнинг ҳақиқий намунасидир. Абу Саиддан ривоят қилинади:Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мени бошқа пайғамбарлардан афзал кўриб, уларнинг умматларини камситманглар”,­­­­­­­­ деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 6916).

Агар бугунги хавориж тоифалари ҳақ бўлганида бошқа дин вакилларини ўлдирмасдан, улар билан алоқа ўрнатган, ўзаро ҳурмат‑эҳтиром билан ҳамжиҳатликда яшашган бўлар эдилар. Зеро, Аллоҳ таоло: “Сизлар аҳли китоблар билан фақат чиройли услубда мунозара қилингиз” (“Анкабут” сураси, 46) оятида айнан шунга буюрган. Энди атрофга қараб, холис баҳо берайлик, аслида Аллоҳ ҳукмидан чиқмасдан кимлар бу тарзда яшамоқда экан.

 

10.Мусулмонларни куфрда айблаб, қонини тўкиш ва молига тажовуз қилишни ўзларига ҳалол санаш:

Мусулмонни куфрда айблаб, уни жонига қасд қилиш, мол-мулкига тажовуз қилиш асло мумкин эмас. “Ла илаҳа иллоллоҳ” деган ҳар қандай одамга такфир айбини қўллашдан эҳтиёт бўлиш зарур.

Бандаларнинг тилига қараб ҳукм чиқарилиши мумкин холос, шундай экан ўзини мусулмон ҳисоблаб турган одамни қалбидагини билишга уриниш беҳудадир. Абу Саъид ал-Худрий (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мен одамларнинг қалбидагини суғуриш ва қоринларини ёриш учун буюрилмаганман”, деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Муслим»: 2500).

Одамларга озор бериб ўзларини “муҳожир” ҳисоблаётганлар эмас, балки аслида ҳеч кимга зулм қилмайдиган, Аллоҳ таоло тақиқлаган буйруқларга бўйсунган, фитналардан йироқ бўлган мусулмонлардир. Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мусулмон шундайки, мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омондадирлар. Муҳожир шундайки, Аллоҳ уни нимадан қайтарган бўлса, ўшани тарк этади”, деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 10).

Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Мусулмон мусулмонга биродар бўлиб, ўзаро зулм қилмайди, бир-бирининг тинчини бузмайди. Кимки, биродарининг оғирини енгил қилса, Аллоҳ унинг мушкулини осон қилади”, ­­­­­­­­­ деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 6951).

Абдуллоҳ ибн Умар (р.а.)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Кимки, бизга қарши қурол кўтарса, у биздан эмас”, ­­деб айтдилар («Саҳиҳи Имом Бухорий»: 7070-7071).

Юқоридаги ҳадислардан ИШИД ўз қилмишларини ҳеч қанақасига оқлай олмаслиги очиқ-ойдин кўриниб турибди.

Сувайд ибн Ғафаладан ривоят қилинади: Али (р.а.) айтдилар: “Мен сизларга ҳадис айтаман. (Билингларки) осмондан тушиб (парчаланиб) кетганим мен сизларга Расулуллоҳ айтмаган ҳадисларини айтдилар дейишимдан афзалроқдир. Мен сизларга айтганларим, мен ва сизларнинг орамизда (омонат)дир. Албатта, уруш ­– ҳийладир. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг: “Охир замонда жуда ёш, ахмоқона ўйлайдиган, яхшиларнинг энг яхши сўзларидан гапирадиган, Қуръон ўқийдиган қавм чиқади. (Бироқ, у) халқумларидан (пасга) ўтмайди. Диндан камон ўқи отилганидек чиқадилар. Агар уларни учратсангиз ўлдиринглар. Зеро, уларни ўлдирганга Қиёмат куни Аллоҳнинг Ўзидан мукофот бордир”, деганларини эшитдим” («Саҳиҳи Имом Муслим»: 2511; «Саҳиҳи Имом Бухорий»: 6930. «Сунани Термизий»: 2347. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда: “...яхшиларнинг энг яхши сўзларидан гапирадиган, имонлари халқумларидан (пасга) ўтмайдиган...” лафзида келган). Ҳақиқатдан хавориж тоифалари агар адашганини тан олиб, йўлларидан қайтмаса, ҳадисдаги муносабатга муносиб бўлиб, уларга ҳамманинг нафрати ортиб бораверади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, ИШИД ташкилотининг дин аҳкомларидан бўлмаган, ғайриинсоний қилмишлари, одамларни ноҳақ қатл қилишлари, уларга нисбатан шафқатсизликлари, аёл-қизларни чўри қилиб, уларни қул бозорларида сотишлари уларнинг аслида дин душманлари бўлган, Яқин Шарқ, қолаверса, минтақамизда ғаразли стратегияларни мўлжаллаётган сиёсий кучларнинг қўлида қўғирчоқ бўлиб қолган ташкилот эканини кўрсатади.

Албатта, бундай қабиҳликлар халқимизнинг табиатига мутлақо зид, ёвуз, ёт ғояларга асослангани яққол кўриниб турибди. Шундай экан, тинчлик ва осойишталигимизга катта хавф туғдираётган ИШИД ва унга ўхшаш гуруҳларнинг таҳдидидан огоҳ бўлишликни миллатимиз, ёшларимиз онгига сингдириб боришимиз ҳаммамизнинг бурчимиздир.

 

Фойдаланилган манбалар:

  1. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Абдулазиз Мансур. Тошкент. 2012.
  2. Саҳиҳи Бухорий. Ал-Жомиъ ас-саҳиҳ (Ишонарли тўплам, 1 ва 2 том). Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Тошкент. 2008.
  3. Саҳиҳи Муслим (электрон версия).
  4. Сунани Термизий (электрон версия).
  5. Сунани Доримий (электрон версия).
  6. Сунани Можа (электрон версия).
  7. Оятларнинг нозил бўлиш сабаблари. Асбобун нузул. Али ибн Аҳмад Найсобурий. А.Турсунов таржимаси. Тошкент. 2014.
  8. Радд-ул-мухтор аълад-дурр-ил-мухтор. Ҳошияту Ибн ал-Обидийн. Аъла шарҳ Аълоуддин Муҳаммад ибн Али ал-Ҳаскафий. 6-жуз. Байрут. 2011.
  9. Асру ал-Хилофату ар-Рошида. Муҳавала линақдир ривая ат-тарихийя ва фавқа манаҳиж ал-муҳаддисийн. Доктор Акром Зиё ал-Умрий. Мадина. 1994.

10. Тарих ат-Табарий. Тарих-ул-умам ва-л-мулук. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий. 2-жилд. Байрут. 1997.

11. Тарих ат-Табарий. Тарих-ул-умам ва-л-мулук. Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий. 3-жилд. Байрут. 1997.

12. Ал-Фарқ байн-ал-фироқ. Абдулқаҳҳор ибн Тоҳир ибн Муҳаммад ал-Бағдодий (электрон версия).

13. Манҳаж аш-Шаҳристоний фи китабиҳи ал-милал ван ниҳал (электрон версия).

14. Сидқ-ул-хабар фи хавориж ал-қарн-ус-сани аъшара. Саййиду шариф Абдуллоҳ ибн Ҳасан Пошшо ибн Фазл ал-Ҳижозий (электрон версия).

15. Ислом ва ақидарапараст оқимлар. Айдарбек Тулепов. Тошкент. 2014.

16. ИШИД фитнаси. Айдарбек Тулепов. Тошкент. 2015.

17. Ҳидоят ортига яширинган залолат. Муаллифлар жамоаси. Тошкент. 2010.

18. Исламский энциклопедический словарь. А.Ализаде. Москва. 2007.

19. Хроники мусульманских государств I–VII веков хиджры. А.Ализаде. Москва. 2004.

20. Полная история ислама и арабских завоеваний. А.Попов. Москва. 2010.

Жамшид Алиев

muslim.uz дан