Оломонча маданият - тараққиёт душмани

Ҳар бир халқнинг ўзига хос анъаналари, урф-одатлари, одоб-ахлоқ қоидалари ва миллий қадриятлари бор. Бироқ бугун ҳеч бир миллат маданиятига асосланмаган, балки кишиларни маънавий бузуқлик ва қашшоқликка чорловчи “оломонча маданият” турли халқлар ҳаётига кириб келиши жиддий муаммога айланди.

Ўтган асрнинг иккинчи ярмида Ғарб дунёсида шаклланган ушбу тушунча мустақил фикрга эга бўлмаган кишилар онгига тез таъсир қилади, ортидан осон эргаштиради. Бу жирканч маданиятнинг энг кўп “ўлжаси”га айланаётганлар ёшлардир. “Оломонча маданият” тарафдорлари ҳаётда инсонни эмас, нарса-буюмларни эъзозлашади. Уларга маънавий дунё эмас, маиший истеъмолчилик ҳуқуқлари қадрли. Тутуриқсиз қўшиқларга мос рақс тушиш, турли беҳаё томошалар, андозасиз кийимлар ва улардаги маъносиз сўзлар, аёллик иффати ва эркаклик ғурурининг емирилиши, зўравонлик кабилар “оломонча маданият” оламининг кўринишларидан. Булар орасида “поп музика”, яъни “янги рок” алоҳида ўрин тутади. Шовқинли мусиқа, жазавали зарб маънавий ҳузурланишга эмас, охири жанжал-тўполон билан тугайдиган тажовузкор, ахлоқсиз рақс кечаларига хизмат қилади. Бугун ахборот алмашинуви мислсиз тезлашди. Бундан фойдаланган бузуқ мақсадли кишилар, марказлар демократия ниқоби остида ғарб ҳаёти “жозиба”ларини “оломонча маданият” кўринишида турли халқлар ҳаётига олиб киришга; миллий қадриятларига болта уриб, маънавий жиҳатдан ўзларига қарам қилишга уринишмоқда. Ёш авлодни бундай хуружлардан асраш ҳар биримизнинг бурчимиздир. Улар онгига миллий қадриятларимиз, урф-одатларимизни чуқурроқ сингдириш, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш орқалигина мазкур хавфни бартараф этиш мумкин. Мусулмонлик ва ўзбеклик тушунчалари бир-бирига чамбарчас боғлиқ. “Оломонча маданият” таъсирига тушиб қолмасликлари учун ёшларимиз тарбиясига ана шу тушунча ва талаблардан келиб чиқиб ёндашсак, мақсадга мувофиқдир. Зеро, динимизда ҳам, миллий қадриятларимизда ҳам ахлоқ-одоб масаласи ҳамиша муҳим ва долзарбдир. Абу Дардодан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади. «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қиёмат куни мўминнинг мезонида ҳусни хулқдан кўра оғирроқ нарса бўлмайди. Албатта, Аллоҳ фаҳш ва жирканч сўз айтувчини ёмон кўради”, дедилар». Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: «Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) одамларни кўпроқ жаннатга киритадиган нарса ҳақида сўралди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳга тақво қилиш ва ҳусни хулқ”, деб жавоб бердилар». Жамиятдаги ҳар қандай иллату офатнинг асосида лоқайдлик ётиши маълум. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадиси шарифда бундай марҳамат қиладилар: “Биродаринг юзига табассум қилишинг, яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтаришинг, адашган ерида одамни тўғри йўлга йўллашинг садақадир”. Шундай дея кишиларни ўзаро очиқ юзлиликка, бир одам хато иш устида бўлса лоқайдлик қилмасликка, адашганни тўғри йўлга бошлашга буюрадилар. Бу амалларнинг савоби жуда улуғ эканини айтадилар. Ислом дини инсонни жисмоний, руҳий-маънавий покликка чорлайди. Бу қадриятларимизнинг ҳам асосини ташкил қилади. Шундай бўлгач, “оломонча маданият”га қарши энг яхши восита динимиз асосида шаклланган миллий қадриятларимизни ёшлар онгига чуқур сингдиришдир. Халқ бор кучини сарфлаб, омонат ва масъулиятни ҳис этиб, ихлос билан иш қилсагина мамлакат тараққий топади. Аксинча, ўз нафсини ўйловчи, ўзлигини унутган, миллий қадриятларини менсимай, қандайдир “маданият”ларга эргашганлар жамият тараққиётига ғов бўлади.

Жалолиддин Ҳамроқулов

"Новза" жомеъ масжиди имом хатиби 

2013 йилнинг "Энг намунали имом"и