Ғийбатдан узоқ бўлайлик

Инсонларнинг обрў-иззатларини сақлаш учун Ислом дини ғийбатни тақиқлаган. Чунки ғийбат одамларнинг яширин айбларини ошкор қилиш ва уларнинг обрўларини тўкишдир. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) видолашув ҳажидаги хутбаларида ҳам буни алоҳида таъкидлаб:

"Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз бир-бирларингизга ҳаромдир. Шу ойда, шу шаҳарда бу арафа кунининг ҳурматини сақлагандек, уларнинг ҳам ҳурматини сақланглар!" деганлар (Муттафақун алайҳ). Демак, бировнинг молини зулм билан ейиш қандай ёмон иш бўлса, унинг обрўсига тажовуз қилиш ҳам шундай манфур амаллардандир.  Тил билан қилинадиган улкан гуноҳлардан бири ғийбатдир. Ғийбатнинг таърифи ҳақида, Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ғийбат нима эканлигини биласизларми?" дедилар. Саҳобалар: "Аллоҳ ва Расули билади", деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Ғийбат бир биродарингни орқасидан ўзи эшитса ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир", дедилар. Шунда улардан бири: "Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?" деб сўради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Унда бор айбни айтган бўлсанг ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан", деб жавоб бердилар».

Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни, тўғри бўлса ҳам, айтиш жоиз эмас экан. Чунки ғийбат бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўҳтон экани учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.

Аллоҳ таоло ғийбатнинг ҳақиқий моҳиятини баён қилиб айтади: "...(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилмангиз ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли зотдир" (Ҳужурот, 12).

Қуръони каримда ҳеч бир гуноҳ бунчалик ёмон ташбеҳ билан зикр қилинмаган. Биламиз, инсон ҳеч қачон ўлимтик ҳайвон гўштини емайди. Агар гўшт инсонники бўлса, бутунлай ундан жирканади. Ўз туғишган биродарининг ўлган ҳолатида гўштини ейиш эса, умуман инсониятга номуносиб ва ақлдан узоқ ишдир. Ғийбат шундай қабиҳ ҳолатга ўхшатилади. Бу ҳол виждони бор, ақли соғлом ва имонли ҳар қандай кишининг қалбини ларзага келтиради.

Ғийбат сўзларга қулоқ солиб турган киши ҳам ғийбатчининг гуноҳига шерик бўлади. Зеро, ҳадисларда ғийбат эшитувчи ҳам ғийбатчиларнинг бири эканлиги баён қилинган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон бошқа мусулмон биродарининг обрўсини ҳимоя қилиши ва ғийбатни тўхтатиши лозим. Абу Дардо (розияллоҳу анҳу) ривоят қиладилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: "Ким бир кишининг обрўсини ҳимоя қилса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг юзидан дўзахни даф қилади» (Имом Термизий).

Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу): "Аллоҳни зикр қилинглар, чунки бу даводир. Лекин одамларни зикр қилиб гапиришдан сақланинглар, чунки бу дарддир", деганлар.

Уламолар зарурат туғилганида одамларнинг айбини гапириш мумкин дейдилар. Масалан:

1.   Мазлум киши золим устидан шикоят қилиб, унинг айбини гапириши ғийбат эмас.

2.   Бир одамни тўғри йўлга солиш ва ёмон ишдан қайтариш мақсадида бошқалардан ёрдам ва маслаҳат ҳам жоиз.

3.   Бирор кимса ҳақида сўралганида ўша киши ҳақида тўғри тавсиф-таъриф бериш мақсадида ҳам жоиз (яъни, уй олишда қўшнилар ҳақида, оила қуришда йигит ёки қиз ҳақида сўралса, уларнинг камчиликларини айтиш мумкин).

4.   Олим кишилардан фатво сўраш ниятида гапиришнинг ҳам зарари йўқ. (Яъни, "фалончи менга шундай муомала қилди, мен нима қилишим керак?" каби саволларни бериш мумкин.)

5.   Гуноҳни ошкора қиладиган ва шу гуноҳи билан мақтаниб юрадиган одамнинг айбини гапириш ҳам ғийбат ҳисобланмайди.

Шундай бўлса ҳам, ғийбатдан сақланиш фойдалироқдир.

Ғийбатнинг каффорати икки қисмдир. Афсус-надомат ва тавба қилса, Аллоҳнинг ҳаққини адо қилган бўлади. Кейин эса ғийбат қилинган одамни кўрганида ундан кечирим сўраши шарт. У кишининг ҳақига доимо истиғфор айтиб юриши лозим бўлади. Чунки бу муомала охиратга қолса, оқибати оғир бўлади. Зеро, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: "Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳақи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) куни келишидан олдин ҳақини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг ҳасаноти ҳақдорга олиб берилади. Агар ҳасанотлари бўлмаса, биродарининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади" (Муттафақун алайҳ).

Аллоҳ таоло барчамизни ғийбатдан ва унинг ёмон оқибатларидан асраб, тўғри йўлга бошласин.

Абдуқаҳҳор ЮНУСОВ,

Тошкент шаҳар "Собитхон ҳожи"  жоме масжиди имом-хатиби