Қариялари қадр топган юрт

Юртимиз истиқлолга эришган илк кунларданоқ ёши улуғ отахон ва онахонларга катта ғамхўрлик, беминнат ёрдам кўрсатиб келинмоқда. Буларнинг барчаси жаннатмакон диёримизнинг азиз дуогўйларига билдираётган катта ҳурмат-эътибори рамзидир.

Инсон яхшилик қилишни ўзидан, қолаверса, яқинларидан бошлайди. Дунёга келишига сабабчи бўлган ота-онасидан кўра яхшилик қилинишига ҳақлироқ зот бўлмаса керак. Қуръони каримда Аллоҳ таолога ширк келтирмаслик, сўнг ота-онага яхшилик қилишга амр этилади:



وَقَضَى رَبُّكَ أَلَّا تَعْبُدُوا إِلَّا إِيَّاهُ وَبِالْوَالِدَيْنِ إِحْسَانًا إِمَّا يَبْلُغَنَّ عِنْدَكَ الْكِبَرَ أَحَدُهُمَا أَوْ كِلَاهُمَا فَلَا تَقُلْ لَهُمَا أُفٍّ وَلَا تَنْهَرْهُمَا وَقُلْ لَهُمَا قَوْلًا كَرِيمًا

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”(Исро, 23).
Яна бир ояти каримада айтилади:


وَصَاحِبْهُمَا فِي الدُّنْيَا مَعْرُوفًا...

“Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да) дунёда яхши муомалада бўлгин!”(Луқмон, 15).Баъзи муфассирлар оятга луғавий маъно бериб: “Уларга дунёда ҳамсуҳбат бўлинг!” дея тафсир қилишган. Уламоларимиз фарзанднинг ота-онасига қиладиган яхшилиги ичида энг мақбули улар учун кўпроқ вақт ажратиб, ҳамсуҳбат бўлиш, деб айтишади.
Шунингдек, динимиз таълимотларида хола, амма, амаки ва тоғалар ота-онадан сўнг яқин киши ҳисобланади. Ҳадиси шарифда:


عن البراء بن عازب رضى الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال : "الخالة بمنزلة الأم" .متفق عليه.

Баро ибн Озиб (розияллоҳу анҳу)ривоят қилади. Пайғамбаримиз(соллаллоҳу алайҳи васаллам) дедилар:“Хола – она ўрнидадир”(Муттафақун алайҳ).
Демак, уларга бўлган эътибор, яхшилик, ота-онага қилинган яхшиликнинг савоби билан тенг. Шунингдек, отанинг дўстларига, онанинг суйган дугоналарга қилинган эзгулик ҳам савобда баробар. Қолаверса, кексайган отахон ва онахонларга қилинган яхшиликлар катта савоб, кўп мукофотларга етаклайди. Ҳадиси шарифда бундай айтилади:


عن ابى موسى رضى الله عنه عن النبي صلى الله عليه وسلم قال: ان من اجلال الله اكرام ذى شيبة المسلم رواه المسلم

яъни: “Соч-соқоли оқарган кекса мусулмонни ҳурматлаш, Аллоҳни улуғлашликдандир”. (Имом Муслим)
Кексалар Аллоҳ таолонинг бизга буюк неъмати ва барокатидир. Зеро, ҳадис шарифда: “Агар орангизда эмизикли гўдаклар ва энкайиб қолган кексалар бўлмаганида, бошларингизга балони сел каби ёғилганини кўрардинглар”, дея ёши улуғларимизни ҳурмат қилиш, эъзозлаш ва уларнинг ҳақларига риоя қилишни таълими берилади.
Ислом мурувват динидир. Ҳадиси шарифда: “Оталарингизни ҳурматлаб уларга яхшилик қилинглар, фарзандларингиз сизларга ҳам яхшилик қилишади”, дея марҳамат қилинади. Буларнинг барчаси инсонни ўзи ва келажагининг тинч, осуда қолаверса сермазмун ўтишининг гаровидир. Мана шу ҳадисга амалнинг натижаси ўлароқ халқимизда “Қариси бор уйнинг париси (фариштаси) бор”, “Киши экканини ўради”каби пурҳикмат мақоллар бор.Албатта:


هَلْ جَزَاءُ الْإِحْسَانِ إِلَّا الْإِحْسَانُ

Яъни: “Эҳсон (эзгулик)нинг мукофоти фақат эҳсон(эзгулик)дир” (Ар-Роҳман, 60).
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, ота-оналаримиз, улуғ ёшдаги мўйсафидларимизни қадрлаб, ҳақларини адо этиб, панд-насиҳатларини қулоқ тутишимиз мустажоб дуоларига эришишимиз Аллоҳнинг инъоми ва саодатидандир.
Аллоҳ таоло хонадонларимиз, маҳалла кўйларимиз, шаҳар ва юртимиздаги табаррук ёшдаги ота-оналаримиз, кексаларимизни ададларини камайтирмасин! Кўп йилар уларнинг дуоларини олиб, файзларига шерик бўлиб юришни насиб этсин.

Жалолиддин ҲАМРОҚУЛОВ,
Тошкентдаги “Новза” жоме масжиди имом-хатиби,
2013 йилдаги энг намунали имом
muslim.uz сайтидан олинди