Қудачилик минг йилчилик

Ўзбегимнинг тўйлари кўп, ота-она борки, топган-тутганини фарзандимнинг тўйига сарфлайман, деган орзу-ҳавас билан яшайди, “топганинг тўйларга буюрсин” дея дуо қилади халқим. Муқаддас даргоҳ - оилада кўзлар қувончи фарзанд туғилибдики, ўғил бўлса уйласам, келинлар олсам, қиз бўлса яхши жойга узатсам, мен ҳам қудалик –андалик бўлсам деб ният қилади хар бир киши.

Аслида қудачилик Аллоҳ таолонинг бандаларига берган улуғ неъматларидан бири бўлиб, Қуръони каримнинг “Фурқон” сураси 54-оятида шундай марҳамат қилинади:


وَهُوَ الَّذِي خَلَقَ مِنَ الْمَاءِ بَشَرًا فَجَعَلَهُ نَسَبًا وَصِهْرًا وَكَانَ رَبُّكَ قَدِيرًا

У яна (ҳақир) сувдан (манийдан) инсонни яратиб, сўнгра уни (насл- насабли ва қуда-анда қилиб қўйган зотдир. Дарҳақиқат, Раббингиз (ҳар ишга) қодирдир. Қудачилик – никоҳ орқали шаклланган қариндошлик муносабатларидир. Яъни, бир-бирига мутлақо нотаниш ва бегона бўлган кишилар - келин ва куёвнинг ота-онаси, оила-аъзолари, уруғлари қудачилик орқали ўзаро қариндошга айланадилар. Бу шунчаки оддий муносабат эмас, балки Яратган номи билан, Пайғамбаримиз алайҳиссалом суннатлари ҳамда кўпчилик мўмин ва мусулмонларнинг гувоҳлигида ўрнатилган муқаддас алоқадир. Шунинг учун исломда қудачилик алоқаларига катта аҳамият берилган ва бунга оид шаръий ҳукмлар ҳам батафсил баён қилинган.
Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида қудачиликка — йигит ва қизни унаштириш маросимидан кейин ҳар иккала оила аъзоларининг қариндошлик жиҳати дея таъриф берилади. Аслида қудачилик муносабатлари дастлаб совчиликдан бошланади. Негаки, бизнинг юртларимизда одатда, совчилик йигитнинг ота-онаси ёки яқинлари томонидан амалга оширилади. Келин олишни ният қилган хонадон аҳли ўғлига муносиб қизи бор хонадонга яхши ниятлар билан ташриф буюради. Қиз ўстирган хонадон эса, қизи бўйи етгач, ҳар куни совчилар кутишга тайёр туради, совчилар уларнинг одатий меҳмонларига айланади. Совчиликдан олдин нималар қилиниши кераклиги тўғрисида бизнинг муқаддас ислом динимизда ҳам керакли тавсиялар берилган бўлиб, баъзи манбаларда ўғил ёки қизнинг никоҳга қанчалик тайёр эканлигини, оила масъулиятини қанчалик ҳис эта олишини, никоҳга оид билимларни қанчалик эгаллаганларини ўрганиш, ўғилнинг рисоладагидек эр, қизининг рисоладагидек рафиқа бўлишига ишончи комил бўлгандан сўнг, тўй ҳаракатига киришиш кераклиги айтилса, баъзиларида фарзандни ёшлигидан никоҳга тайёрлаш, бу борада зарур билимларни билдириш кераклиги айтиб ўтилади. Суннатда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келин ёки куёв танлаш вақтида уларнинг аҳлоқига, динига, одобига катта эътибор беришни насиҳат қилиб ўтганлар. Йигит ёки қизнинг молига, пулига ёки ҳасабу мансабига эмас, балки шахсий фазилатларига, ахлоқ одобию, динига эътибор бериб, шундан рози бўлсагина оила қуришга уринишни буюрганлар. Бунга оид “Сизлар ўз уруғлигингизни қўядиган жойни танланглар”, “Келин танлашда тўрт нарсага қизиқилади: молига, жамолига, насабига, динига. Сен диндорини танлагин”, “Қачон сизга ўзингиз динидан ва хулқидан рози бўлган киши келса, унга сўраганини никоҳлаб беринг” каби ҳадисларни баён қилганлар. Шунингдек, нафақат келин ва куёв танлашда, балки қуда тутилаётган хонадоннинг ҳам насабли ёки мансабли эканига эмас, бу оила аъзоларининг, бўлажак қудаларнинг инсонийлиги, ахлоқийлигию юксак маънавиятли эканлигига ҳам эътибор қаратиш зарур бўлади. Умавийлар ҳукмдори Муовия р.а. ўша пайтдаги Шом волийси бўлган Абу Дардо р.а. нинг қизини ўғли Язидга сўраганда Абу Дардо р.а. “Менинг қизим бир кун оч бир кун тўқ бўлиб катта бўлган бўлса, у ерга бориб турли ноз неъматлар ичида фитнага учраб қолмайдими, динига нуқсон етиб қолмайдими” деган мазмунда жавоб берган экан ва қизини бошқа бир хонадонга узатган эканлар.
Иккала хонадон аҳли, яъни бўлғуси қудалар бошланаётган ишнинг хайрли бўлишини сўраб, Роббиларига истихора қилишлари кераклиги ва хонадонларга Аллоҳ номи билан кириб, сўз бошлашлари керакки, “Бисмиллоҳсиз” бошлаган ҳар қандай ишнинг охири кесик бўлади. Совчиликда одатда икки хонадон аҳли ўзаро танишилади, бўлажак келин ва куёв бола ҳақида маълумотлар берилади. Бунда совчилар эътибор қаратишлари лозим бўлган яна бир қанча жиҳатлар борки, уларни қайд қилиш лозим бўлади:
Сўздаги тўғрилик ва ростгўйлик. Яъни, совчиларнинг таърифланаётган қиз ёки ўғилнинг қандай эканлигини рўйи рост очиқ баён қилишлари кераклиги, бунда ҳеч қандай муболаға ёки ёлғон таърифлар қилмаслигидир. Бунга саҳобайи киромлар ҳаётидан ҳам гўзал намуналар бор бўлиб, ҳазрати Билол бин Рабоҳ розияллоҳу анҳунинг совчиликларини эсга олиш кифоя қилади. Агар ўғил ёки қизда касаллик, заифлик каби айбу нуқсонлар бўлса, уларни ҳам чиройли йўл билан маълум қилиш керак бўлади. Самимийлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-муҳаббат каби юксак инсоний фазилатларга асосланганлик. Бу томонларнинг бир-бирларига ён босишлари, ўзаро бир-бирларини тушунишлари, бир-бирларини қўллаб-қувватлашлари каби инсоний хислатлар билан уйғунлашиб кетади. Совчиликдан сўнг никоҳ ва тўй маросимларининг қандай ўтказилишини белгилашда меъёрга асосланиш, исрофга ёки ҳаддан ошишларга йўл қўймасликка икки томон бирдек эътибор қаратишлари зарур. Баъзан юксак қадриятларига, асрий анъаналарига эга халқимиз бу маросимларни ўтказишда ва ўзаро инсоний муносабатларда ҳам баъзи бир муаммоларга дуч келиб қолинади. Бу муаммоларни ҳатто қуйидагича санаш мумкин бўлади:
* Қиз томондагилар куёвнинг 2-3 хона уйини жиҳозлар билан бекамикўс тўлдириб бериши;
* Қиз томондан маҳрни жуда баланд айтилиши;
* Қиз томоннинг мерседес, лимузин каби хориж машиналарни талаб этиши;
* «европача» келинлик либосини кийиш орқали миллий қадриятларимизни менсимаслик;
* Сарпо ва мебелларнинг ҳам хорижники бўлиши кераклиги;
* Куёв томоннинг баъзи жойларда (водийда) бўлганидек, никоҳдан сўнг 40 кунлаб 3 маҳалдан “мағзар” , “зиёфат” юборишни талаб этиши;
* Тоғоралар “адади”ни аниқ белгиланиши, битта кам бўлса бўлмайди, деб талаб қилиниши;
* От аравада сайрга чиқиш каби ортиқча безак ва янги одатларнинг пайдо бўлаётгани;
* Ҳар ким ўз ҳолига қараб эмас, “бошқаларникидан кам бўлмасин!”, “одамлар нима дейди” каби шиорларни авж олиб кетаётгани;
Минг афсуски, бу муаммоларни яна қатор санаш мумкин. Ҳозирги кунда баъзи оилаларда шу каби муаммолардан ўзаро кўнгил қолишлар, ҳатто юз кўрмас бўлиб кетишлар содир бўлмоқда. Ачинарлиси, бу муаммолар орқали муносиб ёшларнинг бирга бўлолмаслиги, ёки бўлсада тез орада ажралишларнинг келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Бунга асосий сабаб, бу оилалардаги кишиларда манманлик, риёкорлик каби иллатларнинг мавжудлиги, ўқиган бўлсаларда, уқмаган билимсизликларидандир. Бу муаммоларни ҳар бир инсон, тафаккур айлаб, ҳақиқий ўзбекона хислатларимизга ёт эканлигини чуқур ҳис қилган ҳолда, айниқса 2013 йил “Обод турмуш йили” ва 2014 йил “Соғлом бола йили”да имкон қадар чек қўйишга, жамиятимиздаги ҳар қандай муаммони бартараф этишга ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим бўлади. Файласуфлардан бири «биз жуда кўп нарсани биламиз, шунинг озроқ қисмини тушунамиз ва янада озроқ қисмига амал қиламиз» деган экан. Ҳақиқатан ҳам бу сўзлар замирида ўзига хос мазмун моҳият бор. Хусусан, тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар ва маросимларда юқоридаги иллатларни аксариятини бартараф этиш бўлажак қуда томонларга ҳам бирдек тегишли эканлигини барчамиз яхши англаймиз.
Қариндошлик алоқалари никоҳ тўйидан кейин янада мустаҳкамланади. Қудалар бир-бирлари билан яқиндан танишиш учун навбатма-навбат «қуда чақириқ» маросимини ўтказадилар. Бундай ўзаро мулоқотлар икки оилани, уларнинг фарзандлари туфайли юзага келган қариндошчиликни мустаҳкамлашга хизмат қилади, бир-бирларини янада чуқурроқ ўрганишларига ёрдам беради. Қуда-андалар оиладаги ижобий жиҳатлар, ғурурланишга арзийдиган ютуқлар, эл-юрт, маҳалла-кўй олдидаги ҳурмат- эътиборни, оила довруғини янада юксалтиришга ҳаракат қиладилар.
Оилавий ролларни бажариш жараёнида баъзан оила аъзоларининг манфаатлари тўқнаш келиши, қизиқиш ва истаклари мос тушмаслиги мумкин. Шу сабабли ёшларнинг қарор қабул қилишларда қуда-андаларнинг алоҳида ўрни борлигини таъкидлаш зарур. Янги ёш оилаларнинг тинч-тотув яшаб, бахт саодатга эришишларида ҳам ёки уларнинг ажралиб, ёш болаларнинг етим бўлиб қолишларида қудажонларнинг сабаб бўлиши кўпчилигимизга маълум. Қуда андалар янги турмуш қурган ёшларнинг муросали, гўзал ҳаёт кечиришларига яқиндан кўмаклашишлари, бунинг учун бор куч ва имкониятларини аямасликлари керак. Бу билан қуда-андалар жамиятнинг бош бўғини бўлган оила масканини шаклланишига ўзларининг катта ҳиссаларини қўшадилар.
Ўзбек халқида «қудачилик минг йилчилик» деган мақол бор. “Қудачиликнинг минг йилчилик”да давом этиши, “ўзаро душманчилик”ка айланиб кетмаслиги учун ушбу тавсияларга амал қилиш керак бўлади:
1. Қудаларнинг икки томони ҳам тўй маросимларини ўз ҳолатларидан келиб чиқиб амалга оширмоқлари лозим. Риёкорлик, манманлик, ким ўзарга иш қилиш, мен сендан қоламанми каби соҳта иллатларга асло йўл қўймаслик керак. Зеро Аллоҳ таоло ўзининг каломида қуйидагича марҳамат қилади:


وَمَتِّعُوهُنَّ عَلَى الْمُوسِعِ قَدَرُهُ وَعَلَى الْمُقْتِرِ قَدَرُهُ

Ва уларни моддий жиҳатдан таъминланг: бой ҳам, камбағал ҳам ўз ҳолларига қараб (таъминласин). (Бақара сураси 236 оят.)
2. Қудалар ўзаро муносабатларида ўта эҳтиёткорлик билан ёндошишлари керак. Ҳар иккала оила аъзолари доимо бир-бирларининг ҳолидан хабар олиб туриши, қуда тараф тўй-маъракаларида фаол иштирок этиши зарур.
3. Қуда-анда муносабатларини йўлга қўйишда ҳозирда кўп кузатилётган аёлларнинг эмас, эркакларнинг ҳам фаол устиворлигига эришиш керак. Негаки, қайси хонадонда илоҳий қонун бузилиб, оила бошқариш хотинларга бериб қўйилса, шу хонадонда тартиб ўзгариб, жанжаллар ва қўйди-чиқдилар кўпайгани ҳаётий тажрибада ўз исботини топганки, бу қуда-анда муносабатларига ҳам оиддир.
4. Халқимизнинг маънавий қиёфасини белгилайдиган қуда-андачалик муносабатлари юксак инсонпарварликка асосланмоғи лозимки, негаки, одамийлик сарчашмасидан парвариш топган кишининг кўнгли ҳамиша обод, жамият ҳамиша фаровон бўлади.
5. Қуда-андалар ўзаро бир-бирларига фазл ва лутф кўрсатиб туришлари керак. Ҳанафий уламолардан Бадриддин Айний “Умдатул қорий” асарида “силаи раҳм” фазилатини таърифида шундай ёзади: “Сила насабдош қариндошларга ҳамда қуда-андаларга яхшилик қилишдан иборатдир. Бу уларга гарчи узоқ бўлсалар ва ёмонлик қилсалар ҳам, лутф кўрсатиш, меҳрибонлик қилиш ҳамда ҳолларидан хабар олиш ила бўлади”.
6. Мол ва зиёрат билан бўлгани каби касал бўлганда бориб кўриш, чақирилганда жавоб қайтариш, хурсандчилик кунларида табриклаш, мусибатли кунларда таъзия билдириш, дунё ва охират ишларида бир-бирларига ёрдам кўрсатиш ҳам силаи раҳмнинг кўринишлари ҳисобланади.
7. Қудачилик муносабатларининг келажакда қандай мустаҳкамланиши шунингдек, келин-куёвнинг тарбияси, одоб-ахлоқи ва маънавий камолотига ҳам боғлиқдир.
Ушбу келтирилган кўрсатмаларни аввало барчамиз ўз хонадонларимизда амалга оширмоғимиз лозим. Чунки инсон аввал ўзини ислоҳ қилар экан шунда жамият ҳам ислоҳ бўлади.
Умуман олганда қудачилик муносабатларидаги ўзаро ҳурмат, эҳтиром, катталарни эъзозлаш, ёшларга меҳр-шафқат ва кичикларга иззат-икром кўрсатиш ахлоқий, диний, бир сўз билан айтганда, инсоний фазилатларни ривожлантирадиган қадриятлар сирасига кириб, бу билан баркамол инсон, мукаммал шахс, маънавий жиҳатдан гўзал ҳамда етук авлод тарбияланишига катта замин ҳозирланади.
 

ТИИ “Таҳфизул Қуръон” кафедраси мудири Жалолиддин Ҳамроқулов