Мўминлар ўзаро бирдамдирлар

Мусулмонлар ўртасидаги бўлиниш хатарли, бундай ҳаракатлар Аллоҳ таолонинг: “(Эй инсонлар!) Сизларнинг ушбу динингиз (аслида) бир дин (яъни Ислом)дир. Мен эса (барчангизнинг) Раббингиздирман. Бас, Менга ибодат қилингиз!” (Анбиё, 92) сўзига асло тўғри келмайди.

Ҳадиси шарифда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам):“Яҳудийлар 71 фирқага, насронийлар 72 фирқага бўлиндилар. Тез орада бу уммат 73 фирқага бўлинади. Уларнинг барчаси дўзахдадир. Фақат биттаси (жаннатдадир)”, дедилар. У зотдан (алайҳиссалом): “Ё Расулуллоҳ, ким улар?” деб сўрашганида: “Мен ва асҳобим йўлида бўлганлар”, деб жавоб бердилар (Имом Абу Довуд, Имом Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким). Аллоҳ таоло динни инсонларни қийнаш ёки азоблаш учун эмас, балки дунёда Аллоҳни таниб, ҳалол ва хотиржам ҳаёт кечиришлари учун нозил қилди. Исломни ниқоб қилиб олган айрим фирқа аъзоларининг ўзларига эргашганларни дунё ҳаётидан бездириб, уларни одамлардек яшашдан чалғитиши, дин шунга буюрган, деб турли бузғунчиликлар қилишга ундаши, бошқалар ҳаётига хавф солиши Ислом таълимотига зиддир. Улар Аллоҳ таолонинг юқоридаги амрига бўйсунмай, Пайғамбаримизнинг (алайҳиссалом) кўрсатмаларига зид йўлда бўлиб, юртимиз равнақига тўсқинлик қилишмоқда.

Мусулмонларнинг қибласи битта, унда ягона Аллоҳга ибодат қиладилар. Қалблар бирлашиши учун сафларни текис оладилар. Барчалари рўза тутиб, бир вақтда ифтор қилишади. Байрамлари ҳам битта. Ҳаж арконлари бир хилда. Мол-дунё ораларига тўсиқ бўлиб қолмаслиги учун бой кишилар камбағалларга закот ва садақалар беришади. Қуръони каримда айтилганидек: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар” (Ҳужурот, 10).

Аллоҳ таоло бизни бирдамликка чақириб, бўлинишдан қайтаради: “Ҳаммангиз Аллоҳнинг «арқони»ни (Қуръонини) маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг ҳамда ўзаро адоватда бўлган пайтларингизда дилларингизни (туташтириб) ошно қилиб қўйган Аллоҳнинг неъматини ёдда тутинг. Унинг неъмати туфайли биродарларга айландингиз. Дўзах чоҳи ёқасида турганингизда, сизларни ундан қутқарди. Шояд ҳақ йўлни топгайсизлар, деб, Аллоҳ Ўз оятларини сизларга шундай баён қилади” (Оли Имрон, 103). Бир неча ҳадислар ҳам мўминларни тафриқага тушишдан қайтариб, бирлашишга ундайди. Суҳайл ибн Абу Солиҳ (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло сизга уч нарсада рози бўлади ва уч нарсада ғазаб қилади. Ёлғиз Ўзига ибодат қилиб, Унга ҳеч нарсани шерик қилмасликда, Аллоҳнинг “арқони”ни (Қуръонини) маҳкам тутиб, фирқаларга бўлинмасликда ва Аллоҳ таоло устингиздан бошлиқ қилган кишининг амрига холисона ёндошишингизда рози бўлади”. Шунингдек, уч нарсада ғазаб қилади: “Миш-миш гаплар, кўп савол бериш ва молни исроф қилишда”, дедилар».

Куч бирдамликда. Аллоҳ таоло биз бандаларга ана шу ҳикмати асосида ягона дин бериб, тўғри йўлни кўрсатди. Мана шу улуғ неъматини менсимасдан, уни асоссиз ва ғояси пуч оқимларга алишиб, икки қайиқнинг бошини тутиб сувга ғарқ бўлган кишидек, азобга ғарқ бўлишдан Аллоҳ сақласин.

Жалолиддин Ҳамроқулов