Ҳасад-жамият тараққиёти кушандаси

Бу ўринда ана шундай салбий хусусиятларнинг энг хунук кўриниши ҳасад тўғрисида тўхталиб ўтиш жоиз деб ўйлайман. Одамзот ва жамият ҳаётида оғир асоратлар қолдирадиган ҳасад туйғуси, авваламбор, бошқаларни кўролмаслик, уларнинг ютуғидан қувониш ўрнига, қандайдир куйиниш, ичиқоралик оқибатида пайдо бўлади. Ислом Каримов.

Ҳасад ботиний, хатарли касаллик бўлиб, унинг инсонларга етадиган ёмон асоратлари бор. Бу ёмон асоратлар ҳасад қилинаётган кимсага нисбатан муомаласида ўта ёмон из қолдиргани каби унинг ижтимоий алоқаларига ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Ҳатто, баъзи ҳолларда ҳасадгўйнинг бирор бир шахсга ҳасад қилиши уни ўлдириш ёхуд унга хунук зарарларни етказишигача олиб бориши мумкин. Гоҳида унинг зарари ҳаддан ошиб, ҳасад қилинган кимсанинг атрофидаги қариндошлари ёки дўстлари ёхуд унга алоқадор бўлганларга ҳам етиши мумкин. Ҳасадни мушкиллиги шу даражага етадики, у қалбда яширинган ички касалликка айланади. Соҳибига турли офатлару-қийинчиликларни келтириб чиқаради. Натижада, ҳасад қилувчида ёмонлик, гина, адоват, хасрат, надомат, ичиқоралик, Аллоҳнинг қазо-қадарига рози бўлмаслик уйғониб, жосуслик назари остида ғам ташвиш, кўролмаслик, безовталаниш, саросимага тушиш деган иллат ёпишиб олади. Бу иллатни таъсири фақат соҳибини ўзигагина таъсир кўрсатиб, бутун яхшилик савобларини олов ўтинни бир зумда ёқиб кулга айлантирганидек сароб ( йўқ) қилади. Бошқа иллатларни таъсири икки томонда кўринади. Масалан: бир киши ўзгага зулм қилса, ўзига зулм гуноҳи, мазлумга жабр бордир. Бир ўғри бир нарса ўғирласа, эвазига гуноҳ, жабрланганга молини йўқотиш пайдо бўлади.
Ҳасад тўғрисида уламолар куйидагича таъриф берганлар:
Ибни Ҳажар (р.а.): Ҳасад - неъмат лойиқ бўлган кишидан уни завол бўлишини умид қилишдир, дейдилар.
Нававий (р.а.) айтадилар: Ҳасад бу неъмат соҳибидан у хоҳ диний ёки дунёвий бўладими йўқ бўлишини орзу қилишдир.
Ибни Қудома (р.а.): Билинг! Албатта ғазаб қачонки дарҳол бошқариш қийинлигидан ичига ютилгач, ички аъзолардан жой олиб сингийди,сўнгра гина деган иллатга айланади. Буни белгиси шахсга нисбатан нафратни доимийлиги, малол санаши, унга нафрат қилишидир. Гина ғазабни самарасидир. Ҳасад гина натижаларидандир.
Ҳасад Аллоҳ бирор инсонга инъом этган неъмат сабабидан вужудга келади. Кимки ана шу неъматни ёмон кўрса ва уни мусулмон биродаридан завол топишини истаса, у ҳасадчидир. Ҳасаднинг таърифи шуки, киши ўзидан бошқага Аллоҳ таоло ато этган неъматни ёмон кўриб, унинг завол топишини хоҳлаши. Агар имкон бўлса, уни завол топтиришга ўзи ҳаракат қилади. Бордию уни ёмон кўрмаса ва завол топишини ҳам хоҳламаса, балки, унга ўхшаш неъматни ўзида ҳам бўлишини истаса, бу истак ҳавас деб номланади. Набий с.а.в. айтадилар: “Ҳасад (ҳавас ёки мусобақалашув маъносида) икки ўриндагина жоиз бўлади. Бири, Аллоҳ унга мол-давлат бериб, уни ҳақ йўлда ишлатишга муваффақ қилган киши бўлса, иккинчиси, Аллоҳ илм берган кишидир. У ана шу илмга амал қилиб уни инсонларга ўргатади”. (Муттафақун алайҳ) - ҳадисида келганидек, баъзан “ҳасад” сўзидан мажозан “ҳавас” маъноси хам тушунилади. Гоҳида эса, “ҳасад” сўзидан юқоридаги ҳадисда кўзда тутилган “ўзаро мусобақалашиш” маъноси ҳам ирода қилинади. 
Ҳавас ва ўзаро мусобақалашув - мақтовга сазовор, таҳсинга лойиқ хислатлардир.
Ҳасад, ҳавас ва ўзаро мусобақалашув ўртасидаги фарқ қуйидагича:
- Ҳасад мусулмон кишиидаги неъматнинг заволини бирор шаръий сабабсиз хоҳлашдир. Бу ҳаром қилинган ишдир. 
- Ҳавас ўзидан бошқанинг неъматини заволини истамаган ҳолда унга ўхшаган неъматни ўзида ҳам бўлишини хоҳлашдир. Бу мақталган ишдир. 
- Ўзаро мусобақалашув эса, мусулмон киши етган нарсаларга эришиш ёки Аллоҳ унга ато этган неъматда ундан ўзиш учун ҳаракат қилмоқликдир. Бироқ, мусобақалашув банданинг қудратига кирадиган нарсалардагина бўлади. Шунга биноан, у баъзан вожиб бўлади. Бунинг мисоли, гуноҳларни тарк этиш ва вожиб амалларни бажариш йўлидаги мусобақалашувдир. Гоҳида эса, суннат бўлади. Бунинг мисоли, макруҳ ишларни тарк этиш ва суннатларни бажаришдаги мусобақалашувда кўринади. Айрим ҳолларда эса, мубоҳ бўлади. Бу эса деҳқончилик, ишлаб чиқариш, ихтирочилик, кашфиётчилик ва ишбилармонлик каби мубоҳ ишлардаги ўзаро мусобақалашувда ўз ифодасини топади. 
Яхшиликда мусобақа қилиш ҳақида Қуръон ва суннатда бир қанча далиллар келган. 
Аллоҳ таоло айтади: “У (май)нинг муҳри мушкдир. Бас, мусобақачилар шу (неъматлар) йўлида мусобақа қилсинлар!” (“Мутоффифин” сураси 26)
Бошқа бир оятда эса шундай дейди:  
“(Эй, инсонлар!) Раббингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Аллоҳ ва Унинг пайғамбарларига имон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва Ернинг кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз!* Бу Аллоҳнинг фазли бўлиб, уни Ўзи хоҳлаган кишиларга ато этур. Аллоҳ улуғ фазл соҳибидир”. (“Ҳадид” сураси 21)
Куйидаги хадиси шарифда Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Бу уммат бамисоли тўрт кишига ўхшайди. Уларнинг бирига Аллоҳ мол ва илм беради. У эса, ўз молида илмига таяниб иш кўради. Иккинчисига илм бериб мол бермайди. У эса: “Эй, Раббим! Агар менда ҳам фалончиникидек мол-давлат бўлганда эди, унинг амалига ўхшаган амалларни қилардим”, - дейди. Уларнинг иккови ҳам ажрда баробардир. Яна бирига Аллоҳ мол беради-ю, илм бермайди. У бўлса, уни Аллоҳга осий бўлинадиган ўринларга сарфлайди. Иккинчисига эса, илм ҳам, мол ҳам бермайди. Шунда у: “Агар менда ҳам фалончиникидек давлатим бўлганда эди, мен ҳам уни у ишлатаётган гуноҳ йўлларида ишлатар эдим”, дейди. Уларнинг иккови ҳам гуноҳда тенгдир”. (Ибн Можа ва Термизий ривояти) 
Ушбу ҳадисдаги охирги киши ёмонликда мусобақалашишга рағбат билдирди. Шунинг учун ҳам гарчи ҳеч нарса қилмаган бўлса-да, рағбати ва орзуси туфайли унга гуноҳ бўлади. Бу хадисда мусулмон кишига амалсиз ниятни ўзида бўлса хам, ёмонлик сабабларидан сақланиши учун огоҳлантирув бордир. 
Бундан ташқари, ҳасаднинг яна бир тури борлиги ҳақида имом Ғаззолий шундай дейди: “Хасаднинг шундай тури борки, у инсоннинг қалбидан ажралмайди. У ҳам бўлса, бирор инсондан неъматни завол топишини исташдир. Бу ҳолатда ҳасадгўй ўша инсондаги неъматга эриша олмайди, лекин Аллоҳдан бўлган тақвоси ва қўрқуви туфайли, ҳасад қилингувчидан имкониятга эга бўлиб, унинг неъматини йўқотишга қодир бўлса-да, бу ишни қилмайди. Бу турдаги ҳасадни имом Ғаззолий кечирилади, деб санайдилар. 
Бу ҳасаднинг аломати шуки, ҳасадчи ҳасад қилингувчидан ўша неъмат йўқоладиган бўлса, ички роҳат ҳис қилади. Бироқ, ўзи уни йўқотишга қодир бўлса, Аллоҳдан қўрққани ва тақвоси боис бундай қилолмайди. У бу вақтнинг ўзида қалбида сезган нарсаларни ақли билан инкор этади ва ёмон кўради, лекин табиати ғолиб келганлигидан уни даф қилишга қодир бўлмайди. Имом Санъоний ҳам Ғаззолийга мувофиқ тарзда ҳудди шундай деганлар. 
Сўнгра имом Ғаззолий ҳасаднинг ҳаром қилинган турига ўтишдан огоҳлантириб айтадиларки: “Ҳасаднинг бу тури билан ҳаром қилинган турининг орасида катта боғлиқлик бор. Мусулмон киши ана шу мазаммат қилинган турига ўтишдан сақлансин”.
Ҳаром қилинган ҳасад ва кечирилган ҳасад борасидаги гаплар бойлик, фарзанд, саломатлик, обрў, мансаб каби дунёвий неъматларга ҳам, Аллоҳ йўлида инфоқ қилиш, илм бериш, амри маъруф ва наҳий мункар қилиш каби ухровий неъматларга ҳам ҳасад қилишни ўз ичида қамрайди. Демак, ҳасад қилувчи кишига ҳасад касаллигини даф қилиш ва ўзининг ботинида унга барҳам бериш учун ўз нафсини ҳаракат қилдирмоғи лозим бўлади. Агар табиати устун келганлиги боис, бу ишга қодир бўлмаса, мусулмон биродари борасида Раббисидан қўрққан, унга тақво қилган ҳамда унга зарар ёки азият берадиган ҳар қандай амалдан четланган ҳолда, ўз ақли билан нафсига қарши турса, даф қилишга қудрати етмаган нарсада кечирилади ва маъзур тутилади.
Ҳасад кўпинча ғазабнинг меваси бўлган адоватдан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам адоватли ҳасадгўй то ҳасад қилинаётган кишидан ўч олиб, уни яксон қилмагунча, уни ёки ҳасадга сабаб бўлган неъматни йўқ қилмагунча кўнгли хотиржам бўлмайди. Мана шу билан ҳасадгўй жамият орасида вайронкорлик амалиётчиси ҳамда бузиш, хароб қилиш ва тафриқага бўлиш сабабчиси бўлиб қолади. Агар қариндошлар ёки бир идора ишчилари ёхуд қўни-қўшни ва шулар кабилар орасида рўй берадиган ажралиш ва қаршилик, низо, жанжал, ғийбат ва чақимчилик, мусибат пайтида устидан кулиш ва бало келганда суюниш каби ҳолатлар текшириб кўрилса, барчасини ортида турган ягона сабаб ҳасад экани келиб чиқади. 
Ҳасад ҳар доим мазаммат қилинади ва ҳар қандай ҳолатда ҳам ҳаром бўлади. Лекин ўша неъмат кофир ёки фожирнинг қўлида бўлиб, у ундан халққа азият бериш, инсонлар орасидаги алоқаларни бузиш, фитналар қўзғатиш ёки ҳаёсизликни ёйиш, маъсият ишларини ошкора қилиш, бунинг натижасида инсонлар хам гуноҳ ишларни содир этиши каби манфур йўлларда фойдаланса, унга ҳасад қилиш ҳаром саналмайди. Зеро, бундай пайтда неъматнинг йўқ бўлишини исташ неъмат сабабли эмас, унинг ортидан келадиган фасод туфайлидир. Шунга кўра, масалан, инсонларнинг ризқларини эҳтикор чайқовчилик қиладиган, уларга алдов ва фирибгарлик билан муомалада бўлиб, молларини ботил йўл билан ейдиган бойнинг қилаётган ишларидан тийилиши учун бойлиги касодга учрашини исташда ҳеч қандай зарар йўқдир. 
Ҳасаднинг ҳаромлиги Қуръон ва суннат билан собитдир. У оятларда келганидек, кофир, мунофиқ ва диндош биродарида Аллоҳнинг неъматини кўришга тоқат қилолмайдиган имони заифларнинг сифатидир:
“Аҳли китобларнинг кўпчилиги имон келтирганингиздан кейин ва уларга ҳақиқат равшан бўлгандан сўнг ҳам ҳасад юзасидан сизларни (яна) куфрга қайтаришни истайдилар*. Бас, Аллоҳ Ўз амрини келтиргунча уларни афв этиб, (хатоларидан) ўтинг. Албатта, Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир”. (“Бақара” сураси 109)
“Агар сизларга яхшилик етса, бу уларни хафа қилади. Борди-ю, сизларга ёмонлик етса, бундан улар хурсанд бўладилар. Агар сабр билан тақвода бўлсангиз, уларнинг макрлари сизларга ҳеч қандай зарар етказмайди. Албатта, Аллоҳ уларнинг қилмишларини иҳота қилувчи зотдир”. (“Оли Имрон” сураси 120) 
Юсуф а.с.нинг акалари билан бўлган қиссани ўқиган киши ҳасад ўз эгасини қандай аҳволга солишини, унинг кўзини қандай кўр қилишини ҳамда қандай қилиб унинг қалбини раҳм-шафқатдан тўсиб, қасос олишга ундашини идрок этади. Аллоҳ таоло “Юсуф” сурасининг 8-9-оятларида шундай марҳамат қилади: 
“Ўшанда (акалари) айтдилар: «Юсуф ва унинг укаси (Бинямин) отамизга биздан кўра суюклироқдир. Ваҳоланки, биз бир тўп (кўпчилик)миз. Ҳақиқатан, отамиз аниқ гумроҳлик узрадир. (Кимдир деди): «Юсуфни ўлдирингиз ёки уни бирор ерга чиқариб ташлангиз, шунда отангизнинг ўзи сизларга қолар (фақат сизларга меҳр қўяр). Ундан кейин (яна) солиҳ (киши)лар қавми бўлурсиз». 
Одам а.с.нинг биринчи фарзандлари ўз укасини ҳасад сабабли ўлдирди. Ҳасад унинг ич-этини еб, кўзларини кўр қилди ва унинг устидан ҳукмрон бўлиб олди. У ўз укасининг ўлган жасадини олдида кўрмагунча кўнгли тинчимади. Ўшанда тақводор укаси ўлимидан олдин унга шундай деди: 
“Агар мени ўлдириш учун қўлингни мен томонга чўзсанг, мен сени ўлдириш учун Сен томонга қўлимни чўзувчи эмасман. Ахир, мен оламлар рабби – Аллоҳдан қўрқаман”. (“Моида” сураси 28-оят)
Ояти кариманинг давомида Аллоҳ таоло шундай дейди:
“Унинг (ҳавойи) нафси биродарини ўлдиришни хуш кўрсатди ва дарҳол, уни ўлдирди. Шу билан у зиён кўрувчилардан бўлиб қолди”. (“Моида” сураси 30) 
Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими? Ахир, Биз (илгари ҳам) Иброҳим наслига (Юсуф, Довуд, Сулаймон каби зотларга) Китоб, Ҳикмат бериб, яна уларга буюк мулк (ҳукмронлик) ҳам ато этган эдик-ку!. (Нисо 54 оят)
Аллоҳ таоло ўзининг пайғамбари ва мўминларни ҳасаднинг асари зоҳир бўлганда, ҳасадчи эса тишларини қайраб ҳасад қилинаётган кишидан интиқом олишга шайланган пайтда турли хил зарарлардан паноҳ сўрашга буюриши билан биргаликда, “Фалақ” сурасида ҳасаддан ҳам паноҳ сўрашга буюрди:
“(Эй, Муҳаммад!) Айтинг: «Паноҳ тилаб илтижо қилурман тонг Парвардигорига, яратган нарсалари ёвузлигидан, зулматга чўмган тун ёвузлигидан, тугунчаларга дам солувчи аёллар ёвузлигидан ҳамда ҳасадчининг ҳасади ёвузлигидан”. 
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинди: “Расулуллоҳ с.а.в. дедилар: “Сизлар гумондан сақланинглар. Чунки, гумон энг ёлғон сўздир...” – сўзларининг охирида “ва бир-бирларингизга ҳасад қилманглар, бир-бирларингизни ёмон кўрмангизлар”, - дедилар. (Молик, Бухорий ва Муслимлар ривояти)
Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинган бошқа бир ҳадисда Расулуллоҳ с.а.в. айтдилар: “Ҳасаддан сақланинглар. Чунки, ҳасад ҳудди олов ўтинни егани каби савобларни еб битиради”. (Абу Довуд ва Байҳақий ривояти)
Абдуллоҳ ибн Амр р.а.: “Расулуллоҳ с.а.в.дан: “Инсонларнинг қайси бири афзалроқ”,- деб сўралди. Шунда у зот: “Ҳар бир “махмумул қалб” ҳамда тили ростгўй киши”,-деб жавоб бердилар. Саҳобалар айтдиларки: “Тили ростгўй кишини биламиз. “Махмумул қалб” ким?”. Айтдиларки: “У ўта пок тақводор, гуноҳи ҳам, хиёнати ҳам, алдови ҳам, ҳасади ҳам йўқ кишидир”. (Ибн Можа ривояти)
Яна бир саҳиҳ ҳадисда келишича, Набий с.а.в.сахобаларга кетма-кет уч кун: “Ҳозир сизларнинг олдингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади” дедилар. Шунда уч кунда хам фақат бир киши келди. Абдуллоҳ ибн Амр р.а. унинг уйига бориб, уч кун тунадилар. Лекин бирор кеча ҳам уни туриб ибодат қилганини кўрмадилар. У кишини амалини паст санаб, кетмоқчи бўлганларида, Расулуллоҳ с.а.в. нинг сўзларидан уни хабардор қилдилар ва бошқалардан амали оз бўлатуриб, бу мартабага қандай эришганидан ажабландилар. Шунда ҳалиги киши: “Сиз кўрган амаллардан бошқа ҳеч нарса йўқ”,-дедилар. Абдуллоҳ ибн Амр кетаётганларида ҳалиги киши у зотни чақириб: “Сиз кўрган амаллардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Лекин менинг қалбимда бирор-бир мусулмонга нисбатан ҳасад йўқ. Мен ҳеч кимга Аллоҳ ато этган яхшилик борасида ҳасад қилмайман”, - деб айтди. Абдуллоҳ ибн Амр р.а.: “Сизни мана шу хислат шу мартабага етказган”, - дедилар. 
Муовия р.а. айтган эканлар: “Мен барча инсонларни рози қилишга қодирман. Аммо, неъматга ҳасад қилувчи бундан мустасно. Чунки, уни неъматни заволга юз тутишидан бошқа нарса рози қилолмайди”.
Араблардан бири айтган экан: “Мен мазлумга нисбатан ҳасадчи каби золимни кўрмадим. Зеро, у сендаги неъматни ўзига мусибат деб билар”. 
Ҳасан Басрий р.а. айтадилар: “Эй одам фарзанди! Биродарингга ҳасад қилма. Агар Аллоҳ унга ато этган нарса унга бўлган карами туфайли бўлса, нечук Аллоҳ мукаррам қилган кишига ҳасад қиласан. Бордию, ундан бошқача бўлса, унда нима учун борар жойи дўзах бўлган кимсага ҳасад қиласан”. 
Ҳасад осмонда ва ерда Аллоҳга қилинган биринчи гуноҳлардандир. осмондагиси иблис Одам алайҳиссаломга “Мени оловдан яратдинг,уни лойдан яратдинг” деб ҳасад қилди. Ердагиси эса Қобилни Ҳобилга ҳасади бўлиб, унда Аллоҳ таоло Ҳобилдан садақотини қабул қилиб, Қобилдан қабул қилмаган эди.
Ҳасадгўй ўзига зарари етмайдиган мусулмон биродарининг роҳатини ёмон кўриши билан, Аллоҳ таолонинг баъзиларни баъзилардан афзал қилиш борасидаги қазои-қадарига норози бўлувчи саналгани учун Аллоҳ таолонинг қазосидан норози бўладиган ва Аллоҳ бандалари ўртасида тақсим қилган неъматларни кўра олмайдиган шахсдир. Натижада, Аллоҳ адолати ва ҳикмати билан жорий қилган низомини бузувчи ва мўмин бандаларга ғилл-у ғаш қилувчига айланади. Бу билан у имони ва динидан айрилади. Инсониятга очиқдан-очиқ душман бўлган иблисга ҳасад юзасидан шерик бўлади, Роббисига гуноҳкор бўлади. Буларнинг барчаси унинг динидаги мусибатдир.
Самарқандий (р.а.) айтадилар: Зарар беришда ҳасаддан кўра ёмонроқ нарса йўқ. Чунки ҳасад қилинганга мусибат етишидан олдин ҳасад қилувчига бешта машаққат етади.
1. кетмайдиган ғам ташвиш.
2. эвазига ажр берилмайдиган мусибат.
3. раҳм этилмайдиган хорлик.
4. Аллоҳ таоло унга ғазаб қилади.
5. Тавфиқ эшиклари унга ёпилади.
Баъзи донишмандлар айган экан: Уч нарса сабабидан соҳибига ҳаёт фаровон бўлмайди. Гина, ҳасад ва ёмон хулқ. 
Қуртубий раҳматуллоҳ алайҳ айтадилар: Ҳасад қилувчидан кўра мазлумга ўхшаш золимни кўрмадим. Уни доим орзуси рўёбга чиқмайди ва абадий махзунликдадир.
У шу вақтнинг ўзида қалбига азоб беради. Ғам-қайғу, безовталик, дилтанглик ичра сарсон кезиб, хорликка мубтало бўлади. Чунки, унинг Аллоҳ таоло инъом қилган нарсадан қайғуга ботиши нарсани бошқа инсондан кеткиза олмайди. У бу иши билан ўз жонига азоб беради. Бу оғир дунёвий мусибатдир. Кимда-ким уни ўзида сезса, ўзини ғам-ташвиш, гуноҳ-маъсиятдан асраш учун қалбини ҳасаддан муолажа қилмоғи шартдир. 
Ҳасад иллатидан қутулиш учун бир қанча даволар тавсия қилинган. Улардан, Аллоҳнинг қазои-қадарига рози бўлиш, нафсни маломат қилмоқ ва уни пушаймон бўлишга мажбур этмоқдир. Ҳасадгўй ўзи учун яхши кўрган нарсани ўзгаларга ҳам раво кўриши, Аллоҳ таолога йўлиқадиган кундан қўрқиши ва унинг ҳузурида сўроққа тутилишини ўйлаши лозим. Шунда у нафсини Аллоҳнинг абадий азобидан халос қилган ва қаҳридан сақлаган бўлади. У нафсига қарши Аллоҳ таолодан ёрдам олиш учун доимо уни зикр қилсин. Аллоҳ унинг қалбини нурга тўлдириб, кўнглини яхшиликларга моил қилмоғи ва уни ҳасаднинг зулматидан бандаларга яхшиликни илинишдек эзгулик нури сари олиб чиқмоғи учун сидқидилдан, холис Аллоҳ учун дуои тазарруъ қилсин.
Бундан ташқари ҳавойи-нафси устидан амалий ҳукм чиқарсин-да, ҳасад қилинаётган инсонга азият ва зарар берадиган бирор нарсани айтмасин ва қилмасин. Бу ишни қила олмаса, азият беришга чорлайдиган муҳитни ислоҳ қилсин ва кўнглида ҳасад касаллигининг сабабларини алангга олдирадиган суҳбатлардан воз кечсин. Зеро, Аллоҳ таоло ҳидоят ва тавфиқ эгасидир.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳасад ўта оғир қалб касалликларидан бўлиб, уламолар уни гуноҳи кабиралардан ҳисоблашган. У ҳасадчига дунё-ю охиратда зарар келтиради. Шу билан бирга, жамиятда ҳам ўзининг салбий изларини қолдиради. Зеро, у адоват машъаласини ёқади, қариндош-уруғлар, ёру дўстлар ўртасида адоват байроғини юксакларга кўтаради. Ўзаро ёрдам, меҳр-оқибат ришталари ҳасадчи ва ҳасад қилинганлар ўртасида узилади. Президентимиз айтганларидек: “... ҳасад қилиб эмас, ҳавас қилиб яшашни ҳаётимиз қоидасига айлантирсак, ҳеч шубҳасиз, биз миллий тараққиёт бобида янада юксак марраларни эгаллашга эриша оламиз”.



Фойдаланилган адабиётлар:
1. Абдулазиз Мансур. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. Тошкент: Тошкент ислом университети, 2009.
2. Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. Саҳиҳул Бухорий. Тошкент, 1973.
3. Муслим ибн ал-Ҳажжож ал-Қурайший. Саҳиҳу Муслим. Байрут: Дорул кутубил илмийя.
4. Муҳаммад ибн Исо ат-Термизий. Сунанут Термизий. Байрут: Дорул кутубил илмийя, 1987. 
5. Сулаймон ибн ал-Ашъас ас-Сижистоний. Сунану Аби Довуд. Маккатул Мукаррама.
6. Абу Бакр ал-Байҳақий. “ас-Сунанул кубро”, Мажлису доиратул маорифун-низомия, Ҳиндистон,1344.
7. Абу Ҳомид Ғаззолий. “Иҳяу улумид-дин”. Қоҳира.
8. “Ат-Тарғиб ват-Тарҳиб”
9. Ислом Каримов. “Юксак маънавият-енгилмас куч”. Тошкент: “Маънавият”, 2008.

Жалолиддин Ҳамроқулов - Тошкет ислом институти “Таҳфизул-Қуръон”
кафедраси мудири, Тошкент шаҳар “Новза” жомеъ масжиди имом хатиби