Аллоҳга сиғинишнинг мукофоти

 

 

 

Абдулвоҳид ибн Зайд (розияллоҳу анҳу) шундай ҳикоя қилади:”Мен кемада кетаётган эдим. Шамол бизни бир оролга олиб бориб ташлади. Биз у ерда бутга сиғинаётган бир кишини учратиб қолдик ва унга:”Бу нима? Ибодат қилинадиган маъбудми!?

Бизларни ичимиздаям бунинг ўхшашини ясай оладиганлар бор!”-дедик. У:”Ундоғ бўлса сизлар кимга ибодат қиласизлар”,-деб сўради. Биз:” Арши осмонда бўлган, қудрати ерда намоён бўлган Зотга”,-деб жавоб бердик. У эса:”У ҳақида сизларга ким хабар берган”,-деди. Биз айтдикки:”У Зот бизларга пайғамбар жўнатди. Ана шу пайғамбар У ҳақида бизларга хабар берди”. У киши:”У ўзининг пайғамбарини нима қилди”,-деб сўради. ”Ундан сўнг унинг жонини олди”,-деб жавоб бердик. У киши:”Ўша пайғамбар ўзидан кейин сизларга бирор аломат қолдирдими? ”-деди. Биз:”У зот бизларга Парвардигорнинг китобини қолдирдилар”,-деб айтдик. У:”Менга уни келтирингларчи!”-деди. Шунда биз унинг олдига “Мусҳаф”ни келтирдик ва “Ар-Роҳман” сурасини унга ўқиб бердик. У киши эса то сурани тугатгунимизга қадар тинмасдан йиғлади ва айтдики:”Бу каломнинг эгасига осий бўлиш мумкин эмас”. У исломни қабул қилди. Биз унга исломнинг шаръий аҳкомларини ўргатдик. Кеч киргач, ҳуфтон намозини ўқидик-да, тунаш учун ўз ўринларимизни эгалладик. Шунда ҳалиги киши:”Эй қавм, сизлар менга танитган Парвардигор ухлайдими?”-деб сўради. Биз:”У Ҳай(Доимо тирик), Қайюм(Доимо мавжуд), ҳеч қачон ухламайди”,-дедик. У :”Сизлар қандоқ ҳам ёмон бандалар экансиз! Парвардигорингиз ухламайди-ку, сизлар ухлайсизларми?!”-деди. Биз оролдан кетаётганимизда ҳалиги кишини ўзимиз билан бирга олиб кетдик. Кўзлаган манзилимизга етиб боргач, унга бир қанча дирҳамлар бермоқчи бўлдик. У бўлса:”Ла илаҳа иллаллоҳ, сизлар мени бир йўлга чорладинглар-у, ўзингиз шу йўлдан юрмаяпсизлар. Мен Аллоҳдан ўзгага ибодат қилган чоғимда ҳам У мени ташлаб қўймади. Энди Уни эътироф қилиб турган ҳолимда қандай қилиб мени ташлаб қўйиши мумкин?”- деди. Орадан уч кун ўтгач, унинг ўлим тўшагида ётгани ҳақида хабар келди. Мен унинг ҳузурига кириб:”Бирор нарсага эҳтиёжингиз борми?”-деб сўрадим. У:”Мени оролдан олиб чиққан Зот барча эҳтиёжларимни аритди”,-деб жавоб берди. Мен унинг ёнида ухлаб қолдим. Тушимда ям-яшил боғ ичидаги қасрда бир қизни кўрдим. У қиз:”Уни тезроқ жўнатинглар! Унга кўпдан бери муштоқман!”-деб айтарди. Шундан сўнг тушимдан уйғониб кетдим.Унинг эса жони узилиб бўлган экан. Мен уни дафн қилдим. Кейинчалик уни тушимда ўша қасрнинг ичида кўрдим.У Аллоҳ таолонинг қуйидаги оятларини ўқир эди:

وَالَّذِينَصَبَرُواابْتِغَاءَوَجْهِرَبِّهِمْوَأَقَامُواالصَّلَاةَوَأَنْفَقُوامِمَّارَزَقْنَاهُمْسِرًّاوَعَلَانِيَةًوَيَدْرَءُونَبِالْحَسَنَةِالسَّيِّئَةَأُولَئِكَلَهُمْعُقْبَىالدَّارِ

Парвардигорларининг «юзини» истаб, (турли машаққатларга) сабр қилиб, намозларини баркамол адо этган ва Биз ризқ қилиб берган нарсалардан хуфёна ва ошкора эҳсон қилган ҳамда ёмонликка яхшилик қайтарадиган зотлар, айнан ўшалар учун дунё оқибати (жаннат) бордир.

جَنَّاتُعَدْنٍيَدْخُلُونَهَاوَمَنْصَلَحَمِنْآَبَائِهِمْوَأَزْوَاجِهِمْوَذُرِّيَّاتِهِمْوَالْمَلَائِكَةُيَدْخُلُونَعَلَيْهِمْمِنْكُلِّبَابٍ

(У) абадийлик боғлари бўлиб, (улар) у жойларга ота-боболари, жуфти ҳалоллари ва зурриётларидан иборат солиҳ (банда)лар билан бирга кирурлар. Сўнгра уларнинг ҳузурларига ҳар (бир) эшикдан фаришталар кириб (дерлар):

سَلَامٌعَلَيْكُمْبِمَاصَبَرْتُمْفَنِعْمَعُقْبَىالدَّارِ

«(Аллоҳ йўлида турли машаққатларга) сабр қилиб ўтганларингиз сабабли (энди бу ерда) сизларга тинчлик бўлгай. Дунё оқибати (жаннат) нақадар яхши!»(Раъд сураси 22-24-оятлар).

 ТИИ "Таҳфизул Қуръон" кафедраси мудири Жалолиддин Ҳамроқулов