Истихора – ҳар бир муслулмон вазифаси

Ўзи хоҳлаган, ихтиёр этган нарсани яратгувчи, барча тасарруфлар қудрат қўлида бўлган Зотга чексиз ҳамду-санолар бўлсин!

Умматларига ғамхўр, уларга дунёю охират саодатига эришиш йўлларини баён қилиб берган севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васалламга чексиз салоту саломлар бўлсин!
Инсон заиф жонзот. Унга ғайбни билиш қобилияти берилмаган. Аллоҳ таолога иймони бўлмаган кишилар ғайбни олдиндан билишга ҳаракат қилмоқчи бўладиар. Коҳинлар, фолбинлар ва ҳар ҳил ғайбни билишни даъво қиладиганлар олдига бориб, улардан маслаҳат оладилар, ўзларича тақдирларини ўзгартирмоқчи бўладилар. Қилаётган ишларида қанчалик фойда бор-у, қанчалик зарар борлигини билиш учун “жонларини Жабборга бериб” ҳаракат қиладилар. Бу нарсалар аслида бефойда самарасиз эканлигини балки ҳис қилмайдилар.
Аммо ҳақиқий мўмин бандачи? Аллоҳ таолонинг борлигига, бирлигига, унинг барча ишларни тақдир қилиб қўйганлигига, тақдири азалийни ҳеч бир нарса ўзгартира олмаслигига иймон келтирган.
Муқаддас динимиз бандаларни фақат охиратда бахтли, саодатли  бўлишга эмас балки, дунё ҳаётларини ҳам обод бўлишини, ҳар ҳил ташвишлардан холи ҳолда ўтгазишларини мақсад қилган. Бунинг учун инсонларга энг гўзал ҳаёт манҳажи – дастурини тузиб берди.
Аллоҳ таоло барча ишларни оқибати нима бўлишини, бандаларига манфаати бор-йўқлигини ҳам билади. Инсон эса қайси ишни қилса хайрият топади-ю, қайси ишни қилса  ёмонлик келади – бу унга қоронғу. Шунинг учун у барча ишларини Роббисига ҳавола қилади, ундан ўзи учун хайрият талаб қилади.
Аллоҳ таоло ўз Пайғамбари орқали бандаларига улар бирор ишни мақсад қилсалар меҳрибон Роббиларидан хайрият талаб қилишларини, оқибати дунё- ҳаётлари учун манфаатли бўлса осон қилишини, зарар бўлса дафъ қилишини сўрашларини амр қилди. Буни “истихора” ибодати деб номлади.
Бу мақола мусулмон ҳаётининг муҳим суннати(йўли) бўлган ана ўша “Истихора” ибодати ҳақида бўлиб, бу борада келган ҳадислар шарҳи, ёзилган рисолаларга суянган ҳолда баъзи бир ушбу ибодатга тааллуқли масалаларни эътиборингизга ҳавола қилмоқчиман.     

Истихоранинг луғавий ва шаръий маъноси
 
 Истихора луғатда “хайрият сўраш” маъносида бўлиб, арабларда (استخارالله)  “истахораллоҳа” ибораси Аллоҳ таолодан хайрият сўраш маъносида ишлатилади.
Шаръий истелоҳда эса, инсон ворид бўлган махсус ибодат орқали ўз мақсадини Аллоҳ таоло наздида хайрли бўлган ишга буришини сўрашдир. Ёрқин ибора билан айтганда, инсон бир ишни мақсад қилса (масалан уйланиш, сафарга чиқиш, тижорат қилиш ва ҳоказо) ҳадисда келганидек икки ракат нафл намоз ўқиб, ундан сўнг Аллоҳ таолодан яхшиликни ихтиёр қилишини, унга нусрат беришини, осон қилишини сўраши, агар мақсад қилган ишида ёмонлик бўлса ундан узоқ қилишини сўраб қилган муаййан ибодат ҳисобланади.

Истихоранинг инсон ҳаётида тутган ўрни
 
 Юқорида айтганимиздек, инсон – бир сониядан сўнг нима бўлишини ҳам билишга қодир бўлмаган ожиз бир махлуқ. Шунинг учун ҳам у Алийм бўлган Зотнинг мададига муҳтож. Аллоҳ таолонинг ҳикмати ва ўз бандаларига бўлган чексиз раҳмати туфайли мана шу истихора ибодатини уларга таълим берди. Шу орқали Роббиларидан яхшилик, манфаат томон юзланишларига тавфиқ сўраб илтижо қиладилар.
Мусулмон банда ҳеч шак-шубҳасиз барча ишлар тадбири ва унинг тасарруфи Аллоҳ таолонинг қўлида эканлигига ва У зотгина хоҳлаган нарсасини тақдир қилиб, жорий қиладиган эканлигига иймон келтиради. Аллоҳ таоло ўз каломида:
وَرَبُّكَ يَخْلُقُ مَا يَشَاءُ وَيَخْتَارُ مَا كَانَ لَهُمُ الْخِيَرَةُ سُبْحَانَ اللَّهِ وَتَعَالَى عَمَّا يُشْرِكُونَ (68) وَرَبُّكَ يَعْلَمُ مَا تُكِنُّ صُدُورُهُمْ وَمَا يُعْلِنُونَ (69) وَهُوَ اللَّهُ لَا إِلَهَ إِلَّا هُوَ لَهُ الْحَمْدُ فِي الْأُولَى وَالْآخِرَةِ وَلَهُ الْحُكْمُ وَإِلَيْهِ تُرْجَعُونَ (70)
“Ва Роббинг хоҳлаганини яратиб, хоҳлаганини ихтиёр қилур. Уларда ихтиёр ҳаққи йўқдир. Улар ширк келтираётган нарсалардан Аллоҳ пок ва юксакдир. Ва Роббинг уларнинг қалблари яшираётган нарсаларни ҳам, ошкор қилаётган нарсаларни ҳам билур. У Аллоҳ Ундан бошқа ибодатга сазовор илоҳ йўқ зотдир. Бу дунёда ва охиратда барча ҳамд унгадир. Ҳукм ҳам унинг ўзигадир ва Унгагина қайтарилурсизлар” – деб марҳамат қилади.
Аллома Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Қуртубий шундай дейдилар: “Баъзи уламолар: “Ҳар бир киши дунё ишлариини қилишдан олдин икки ракат истихора намози ўқиб, Аллоҳдан бу ишида хайрият сўраши лозим”-дейдилар”.
Ўтган солиҳ бандалар ҳам шундай ҳаёт кечирганлар. Роббиларидан барча ишларда истихора қилар эдилар.
Бунга далил қилиб Зайнаб онамизни Росулуллоҳ с.а.в.га завжа бўлишларини айтишимиз мумкин. Бу борада онамиз ҳам истихора қилганлар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Зайнабнинг иддаси тамом бўлганда Росулуллоҳ с.а.в. Зайдга шундай дедилар: “Уни менга зикр қилгин”. Зайд борди, Зайнаб хамир қориётган эдилар. Зайд: “Унинг олдига борганимда ҳайбатга тушдим. Росулуллоҳ уни зикр қилганликларини айтиш учун унга қаролмасдим. Орқамга ўгирилиб қайтиб, Эй Зайнаб! Росулуллоҳ сизни зикр қилиб мени юбордилар дедим. Шунда у: “Роббимга истихора қилмагунимча мен ҳеч нарса қила олмайман”- деди-да, масжидига турди” - деди””
Ҳадисдаги “зикр қилмоқ” деган сўз киноявий сўз бўлиб, “совчи бўлмоқ” маъносида.
Имом Нававий бу ҳадис шарҳида шундай дейдилар: “Бу ҳадисдан бирон ишни мақсад қилган ҳар бир инсон учун, ҳоҳ ўша ишда манфаат маълум бўлсин ёки бўлмасин, истихора қилиш мустаҳаб эканлиги маълум бўлади. Бу маънони Жобир р.а. ривоят қилган ҳадис ҳам қувватлайди. Йоки ушбу ҳадис Зайнаб онамиз Росулуллоҳнинг ҳақларини адо қилолмаслик хавфи туғилганлиги учун истихора қилганликларини ҳам эҳтимол қилади”.  
Ушбу ҳадисдан фақатгина хайрияти ёки зарари маълум бўлмаган ишлардагина истихора қилинади холос деган тушунча дафъ бўлади. Балки барча ишларда истихора қилиш мусулмоннинг вазифаси эканлиги олинади.

Истихора намози ва унинг дуоси борасида келган ҳадис

عن جابر بن عبد اللّه رضي اللّه عنهما قال: كان رسول اللّه صلى اللّه عليه وسلم يعلمنا الاستخارة في الأمور كلها كالسورة من القرآن، يقول: " إذَا هَمَّ أحَدُكُمْ بالأمْرِ فَلْيَرْكَعْ رَكْعَتَيْنِ مِنْ غَيْرِ الفَرِيضَةِ، ثُمَّ لِيَقُلِ: اللَّهُمَّ إنِّي أسْتَخِيرُكَ بِعِلْمِكَ، وأسْتَقْدِرُكَ بِقُدْرَتِكَ، وَأسألُكَ مِنْ فَضْلِكَ العَظِيمِ، فإنَّكَ تَقْدِرُ ولا أَقْدِرُ، وَتَعْلَمُ وَلا أعْلَمُ، وأنْتَ عَلاَّمُ الغُيُوبِ، اللَّهُمَّ إنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أنَّ هَذَا الأمْرَ خَيْرٌ لي فِي دِيني وَمَعاشِي وَعاقِبَةِ أمْرِي، أو قال : عاجلِ أمْرِي وآجِلِهِ، فاقْدُرْهُ لِي وَيَسِّرْهُ لي، ثُم بارِكْ لي فِيهِ، وَإنْ كُنْتَ تَعْلَمُ أنَّ هَذَا الأمْرَ شَرٌّ لي في دِينِي وَمعاشِي وَعاقِبَةِ أمْرِي، أو قال: عاجِلِ أمْرِي وآجِلِهِ، فاصْرِفْهُ عَنِّي، وَاقْدُرْ لِيَ الخَيْرَ حَيْثُ كانَ ثُمَّ رَضِّنِي بِهِ، قال : ويُسمِّي حاجَتَهُ"
Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳумо айтадилар: “Росулуллоҳ бизга барча ишларда истихора қилишни худди Қурондан бир сура ўргатгандек таълим берар эдилар. Айтар эдилар: “Агар сизлардан бирингиз бирон ишга қасд қилса, фарздан бошқа икки ракат намоз ўқисин. Сўнг: “ Аллоҳим! Мен сендан илминг ила хайрият сўрайман, қудратинг ила қудрат сўрайман ва сенинг улуғ фазлингдан сўрайман. Сен қодирсан, мен қодир эмасман. Ва сен биласан, мен билмайман. Сен ғайбни билгувчи зотсан. Аллоҳим! Агар сен бу ишни динимда, ҳаётимда ва бу ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю, келгусида) хайриятли деб билсанг уни менга тақдир қилгин, осон қилгин ва баракотли қилгин. Агар сен бу иш динимда, ҳаётимда ва бу ишим оқибатида (ёки ҳозирги ишимдаю, келгусида) ёмонлик деб билсанг уни мендан, мени ундан буриб қўйгин. Ва менга хайрият бўлган жойни тақдир қилгин. Сўнг у (ҳукминг) билан мени рози қилгин” - десин ва ҳожатини айтсин.””
Ушбу ҳадисни Имом Бухороий “Саҳиҳул Бухорийда”, Термизий, Абу Довуд, Насоий ўз сунанларида, Имом Аҳмад, Абу Яъло ўз муснадларида ва Ибни Ҳиббон саҳиҳларида келтиришган.

Ҳадис шарҳи

Росулуллоҳ с.а.в. умматларига улар мақсад қилган дунё ишларида Аллоҳ таолога қайтиш ва ундан хайрият талаб қилишни таълимини беряптилар. Бу ишга бўлган эътиборни Аллоҳ таолонинг Китобидан бир сура ўргатишдек мақомга қўйдилар. Чунки, барча ишни Роббисига топшириш бу–бандаликнинг энг улуғ даражаси ҳисобланади.
 Инсонни ҳаёлини амалга ошираётган иши орқасидан келадиган ҳолатлар қийнаса, мушкуллик туғдирса барча ишларни Аллоҳ таолога топшириб, икки ракат намоз ўқиш учун турсин. Банданинг ожизлигини, Роббиси олдида хор-зор эканлигини ифода этувчи, Холиқига мақтов бўлган, ҳадисда келтирилган дуони қилсин. Холиққа юзланиб, истихора қилинаётган бу иши агар ўзига дин-у дунёсида манфаатли бўлса, йўлини осон қилишини, агар дин-у дунёсига хайрият келтирмаса, балки  зарар бўлса, бу ишни ўзидан узоқ қилишини, хотиридан ўчириб ташлашини ва У зот чиқарган ҳукмга рози қилиб қўйишини сўраши лозим.
Аллоҳ таоло ўз бандаларига фазлу марҳаматини дариғ тутмайдиган, уларни эҳсон билан сийласни ёқтирадиган Зот. Улардан фақатгина ўз роббиларига юзланиб, Ундан фазлини сўрашлари керак холос. У зот соилни ноумид қайтармайдиган Карийм зот. Ўзининг каломида шундай марҳамат қилади: “Сиздан (эй, Муҳаммад!) бандаларим Менинг ҳақимда сўрасалар, (айтинг) Мен уларга яқинман. Менга илтижо қилувчининг дуосини ижобат этурман.”.  

Ҳадисдан олинадиган фойдалар

Бадриддин Айний Ҳанафий р.а. ушбу ҳадис шарҳида қуйидаги фойдалар, ҳукмларни зикр қиладилар:
1. Оқибати маълум бўлмаган ишларда истихора намози ва ундан сўнг мазкур дуони қилиш мустаҳаб эканлиги. Аммо хайрияти маълум бўлган  ишларда (ибодатлар, маъруф ишлар каби) истихора қилинмайди;
2. “икки ракат намоз ўқисин” деган амр орқали истихора намозининг суннати икки ракат эканлиги маълум бўлади. Росулуллоҳ с.а.в.нинг Абу Айюбнинг ҳадисида “Сўнг Аллоҳ таоло насиб қилганича ўқийвер” деган сўзлари бунга зиёда қилиш зарар қилмаслигини ифода этади.
3. Росулуллоҳнинг умматларига меҳрибон эканликлари, уларни дин-у дунёларида яхшиликка эришишларига ҳарис эканликлари;
4. “икки ракат намоз ўқисин” деб бирор вақтга қайтламасликларидан кечаю кундузнинг қайси вақтида бўлса ҳам истихора намози жоиз эканлиги маълум бўлади. Фақатгина макруҳ вақтлардагина бўлмаса бўлди;
5. Банданинг қудрати Аллоҳ таолонинг қудрати остидалиги;
6. Инсонда озгина миқдорда Аллоҳ таоло берган илм, қудрат бўлса ҳам, бу сифатлар  Роббисига хос эканлиги, У зот бандасига илм, қудрат бермаса, у ҳеч нарса қилолмаслиги эътироф этиши;
7. Мўмин барча ишлари жуганини Аллоҳ таолога топшириши, кичик, катта иш қилишидан олдин Ундан агар яхшилик келтирса осон, баракотли қилишини, ёмонлик келтирса бу ишдан сақлашини сўраши;
  8. “ёмонлик деб билсанг” деган иборада Қадарийлар эътиқодига раддия бор. Улар Аллоҳ таоло ёмонликни яратмайди дейдилар. Барча нарсаларни Холиқи бўлган зот улар айтаётган туҳматлардан поқдир!

Истихорани Қуръон сурасига ўхшатилиш ҳикмати
     
Жобир р.а. Росулуллоҳ с.а.в. уларга истихора намози ва дуосини таълим беришларини Қурондан бир сурани ўргатишларига ўхшатдилар. Ўхшатилиш сабабини уламолар турлича изоҳлашган. Улар қуйидагича:
– Намозда сура қироат қилишга муҳтож бўлингандек, истихорага ҳам ҳаётда муҳтожлик тушади.
– Қуроннинг бир сурасига ўхшатилаётгани сабабли бу ибодатга ҳам катта эътибор қаратиш лозим.
– Қурони Каримни ўзгартирмаган ҳолатда тиловат қилганимиздек, истихора намози ва унинг дуосини ҳам ҳадисда кўрсатилгандек амалга оширилади. Бу ибодатга бидъат сўзлар, амаллар қўшилмайди. Балки уни қандай ворид бўлган бўлса шундай адо қилинади.
– Мусулмон банда бошлаётган иши олдидан бу иши фойдали ёки зарарли эканлигини  аниқлаш учун турли туман бефойда фоллар очтириб ўзига зарар қилиб қўймасин-да, балки барча ишларни Роббисига топширсин ва хайриятни фақат Ундангина сўрасин. Қурони Каримга қанчалик ишонч, ихлос қўйса бу ибодатга ҳам шундай ихлос, муҳаббат қўйсин.
Истихора ибодатини башарият Роббиси, уларнинг ҳолатларини билувчи Зот ваҳй орқали таълим берганлигига қарамасдан, баъзи инсонлар ўзлари учун турли ҳил бидъат истихораларни пайдо қилиб олдилар. Ўзларидан ҳам, ота-оналаридан ҳам меҳрибон бўлган зот ихтиёр этган ибодатни тарк этиб, ўзларига хайриятни бошқа томондан қидирмоқчи бўладилар.

Истихора намозини шаръий ҳукми баёни

Уламолар орасида истихора намози вожиб эмаслигида, мандуб амал эканлигида ихтилоф йўқ. Бунинг маъноси кимки бир ишни қилишни мақсад қилса, масалан никоҳланиш, сафар қилиш, тижорат ва ҳоказо, бундай ҳолда истихора намозини ўқишлик мустаҳаб. Чунки бу ибодатда кўп хайриятлар бор. Росулуллоҳ с.а.в.нинг “икки ракат намоз ўқисин” деган сўзлари сабабли уламолар истихора намози мустаҳаб эканлигини айтадилар.
Росулуллоҳ с.а.в. олдиларига келиб, ислом ҳақида сўраган аъробийнинг: “Бундан бошқа мени зиммамда бирор нарса борми?”-деган саволига “Йуқ, лекин нафл ибодат қилишинг(бор)” деган жавоблари бу ибодат вожиб эмаслигига далилдир.  
Аллома Зайниддин Ироқий: “Бирон кишини истихора вожиб деганини билмадим”-дейдилар.
Бадриддин Айний Ҳанафий р.а. истихора намози ва ундан кейин мустаҳаб эканлигини таъкидлайдилар.
Ҳофиз ибни Ҳажар: “Балки ҳадисдаги амр(буйруқ)ни маслаҳатга ҳамл қилиб, уни вожиб демагандирлар. Истихорада аллоҳнинг зикри, барча ишларни унга топшириш бўлганлиги учун бу амални қилиш мандуб ҳисобланади ”
Имом Муҳйиддин Нававий: “Истихора намози суннатдир”-дейдилар.
Истихора намозида қайси суралар ўқилади?
Имом Нававий "Ал-азкор" китобида истихора намозини биринчи ракатига Фотиҳа сураси ва Кафирун сурасини, иккинчи ракатга Фотиҳа сураси ва Ихлос сурасини ўқиш мустаҳаб дейдилар. Имом Ғаззолий ҳам ушбуни "Иҳё"да баён қилганлар.
Имом Бадриддин Айний шундай дейдилар: "Шайхимиз Зайниддин роҳимаҳуллоҳ Истихора ҳақида келган ҳадислар орасида уларда ўқиладиган сураларни таъйин қилинганини топмадим"-дейдилар".

Истихора қилинадиган ишлар

Истихора мубоҳ бўлган амалларда қилинади. Масалан: никоҳланиш (Изоҳ: Никоҳ аслида суннат амал. Бутун ҳаёти давомида никоҳланиб ўтиш, ёки никоҳланмай ўтиш учун истихора қилинмайди. Лекин ўзига муносиб, дин-у диёнатли қайлиқ танлаш учун истихора қилинади), тижорат, сафар каби мубоҳ амалларда қилинади. Ибодатлар, солиҳ амаллар қилишда истихора қилинмайди. Бунда ҳеч қандай маъно йўқ. Ҳудди шунингдек, шариат томонидан наҳй қилинган ишларни қилиш ёки қилмаслик борасида Аллоҳ таоло томонидан хайрият талаб қилинмайди. Ҳеч қачон Аллоҳ таоло бандаларига ёмонликни рози бўлмайди.
Ибн Абу Жамрадан Ҳофиз ибни Ҳажар қуйидаги сўзларни нақл қиладилар: “Вожиб (Баъзи ўринларда вожиб сўзи орқали фарз, вожиб ирода қилинади. Бу ерда ҳам ана шу маънода), мустаҳаб ибодатларни қилишда, ҳаром, макруҳ ишларни қилмасликда истихора қилинмайди. Демак фақат мубоҳ ишлардагина истихора қилинади. Агар иккита мустаҳаб амал муориз бўлиб қолса, қайси бирини муқаддам қилиш, ёки қилмасликка қилса бўлаверади.”
Гоҳида ибодатга алоқадор ишларда ҳам истихора қилиши мумкин. Мисол учун душман хавф солиши, ёки бирор бир фитнага йўлиқиш эҳтимоли бўлганида ҳаж ибодатига сафарга чиқишни айтиш мумкин. Роббисидан ўша йил сафарга чиқишида истихора қилади.  

Истихора намозини такрор ўқиш ҳукми

Бадриддин Айний р.а. шундай дейдилар: “Истихорани такрор қилиш жоизми? десангиз, Ҳа, намоз ва дуони такрорлаш мустаҳабдир дейман”.
Алий Қорий роҳимаҳуллоҳ: “Инсон истихорадан сўнг нафси-ҳавосидан холи ҳолатда қалби тортган ишни қилаверади. Агар биирор ишга кўнгли чопмаса, зоҳир иш шуки, хайрият маълум бўлгунча истихора қилишда давом этаверади”-дейдилар.
Имом Шавконий шундай дейдилар: “Зайниддин Ироқий: “Истихорани такрор қилиш мустаҳаб” - деганлар”.
Уламолар истихора намозини такрор қилиш жоиз дейиш уёқда турсин, балки мустаҳаб деганлар. Истихорани аслида махсус дуо эканлигини эътиборга оладиган бўлсак, дуони қанча кўп қилса шунча яхши.
Зеро Росулуллоҳ с.а.в. ҳам агар дуо қилсалар дуоларини уч марта қилар эдилар. Абдуллоҳ ибн Зубайрни Каъбани таъмирлашда: “Мен Роббимга уч маротаба истихора қиламан сўнг ишга киришаман” – деган сўзлари ҳам истихорани такрори жоиз, балки мустаҳаб эканлигига далил.

Дуодан олдин икки ракат намоз ҳикмати

Аллоҳ таоло Ҳаким зот. Динимиз ҳикмат дини. Гоҳида инсон шаръий ҳукмларни ҳикматини билишга ҳаракат қилади. Лекин ҳақиқий ҳикматини Аллоҳ таолонинг Ўзи билади. Агар бизга ҳикмат зоҳир бўлмаса ҳам биз “эшитдик ва итоат қилдик”.
Истихора ибодатида олдин икки ракат намозни муқаддам қилинади. Баъзи аҳли илмлар бундаги ҳикматни қуйидагича изоҳлаганлар:
– Истихорадан мақсад дунё охират саодатига эришиш. Ўзидан ёмонликларни узоқ қилишини сўраш. Шу пайт банда ўзини ҳору зорлигин, хушуъсини, муножотини ўзида жамловчи ибодатни муқаддам қилишга муҳтож бўлади.  Бунинг учун намоздан кўра фазилатли, мақсадга мувофиқ амал йўқ.
– Истихора қилувчи инсон Аллоҳ таолодан ҳожатини адо қилишини сўрайди. Сиз унга ҳожатингиз тушган бир инсонникига борсангиз аввал эшигини қоқасис. Мавлони эшигини қоқиш намоз билан бўлади. Чунки бу ибодат барча одобларни ўзида жамланган. Мисол учун, намозга такбир айтиш билан дунё ишларини ўзига ҳаром қилганлиги, Карийм Мавлоси хузурида хору зорлиги, Унинг ёрдамига муҳтожлиги рукуъ, сажда қилиш орқали зоҳир бўлади.

Маслаҳат ва истихорани жамлаш

Аллоҳ таоло баъзи бандаларига етук ақл, ўткир зеҳн, нозик ҳикмат беради. Бу эса Унинг хоҳлаган инсонларига ато этадиган фазли, инъоми. Шунинг учун мусулмон учун Роббисига истихора қилган пайтда мана шундай  насиҳатгўй шахслар билан маслаҳатлашиши ҳам мақсадга мувофиқдир. Истихора билан бирга бошқаларга маслаҳат солиш комил фаҳм-фаросатдан нишонадир.
Имом Нававий: “Истихорадан олдин дин-диёнатли, маърифатли, тажрибали, насиҳатгўй инсонлар билан маслаҳатлашиши мустаҳабдир. Агар маслаҳатлашиб, бу иши маълум бўлса, Аллоҳдан бу ишда истихора қилади”-деганлар.
Ибни Ҳажар Ҳайсамий: “Агар инсон хулқи бузуқ, нафси ҳавосига мойил бўлган шахс бўлса, аввал маслаҳат солиб сўнг истихора қилади. Лекин иродаси бақувват, хоҳишига учмаган шахс бўлса, истихорани муқаддам қўяди”- дейдилар.
Қатода р.а.дан қуйидаги иборалар нақл қилинади: “Инсонлар уч тоифа бўлади. Бир бутун инсон, яримта инсон, ҳеч нарса бўлмаган инсон. Ақлли, мустақил фикрли ва маслаҳат соладиган шахс бу – бир бутун шахс. Яримта киши эса – ақл, мустақил фикрга эга, лекин биров билан маслаҳатлашмайди. Ақли бор, лекин мустақил фикрга ҳам эга эмас, бошқа бировга ҳам маслаҳат солмайдиган инсон бу – ҳеч нарса бўлмаган шахсдир”
Абул Ҳасан Мовардий шундай дейдилар: “Ҳар бир инсон қилаётган иши олдидан насиҳатгўй, ақлли инсонлар билан маслаҳатлашиши эҳтиёткорлик ҳисобланади. Аллоҳ таоло ўз пайғамбарини ҳам маслаҳатлашишга амр қилиб айтдики:
وَشَاوِرْهُمْ فِي الْأَمْرِ
“Улар билан ишларда машварат қилинг”.
Демак, мусулмон банда истихора билан биргаликда насиҳат аҳлларидан маслаҳат олиши даркор. Шунда ўз нафсидаги турли ҳил васваса, ташвишлардан халос бўлади. Чунки, инсонда ҳавоси хоҳлаб турган томонга қадам қўйиши кўпроқ содир бўлади. Ўзидан бошқа шахсни тўғридан тўғри берган насиҳати уни ҳотиржам қилади. Уламолар маслаҳат солинадиган шахсларда бир неча сифатлар бўлишини айтиб ўтганлар.
Маслаҳат солинадиган инсон сифати.
Абу Абдуллоҳ Муҳаммад Абдарий маслаҳат солиниши мумкин бўлган шахсда қуйидаги беш хислат жамланган бўлишини айтганлар:
1.    Узоқ тажриба билан биргаликда етук ақл соҳиби бўлиш.
2.    Дин ва тақво соҳиби бўлиши Чунки булар барча яхшилик, зафар эшиги ҳисобланади.
3.    Меҳрибон насигатгўй бўлиш.
4.    Фикри-ҳаёли ғам-ташвишдан холи бўлган шахс бўлиш.
5.    Маслаҳат бераётган ишига ўзининг дунёвий мақсадини, нафси ҳавосини аралаштирмайдиган шахс бўлиш.

Хулоса
Истихора қиладиган мўмин киши барча ишларини Аллоҳ таолога топширади. Бу эса бандаликнинг энг олий чўққисидир.
Мусулмон киши ишларини Роббисига тўлиғича топширади. Қалбида сокинлик пайдо бўлади. Чунки у аниқ ишонадики Роббиси унга ҳеч қачон ёмонликни раво кўрмайди.
Юқоридаги ўтган маълумотлардан қуйидагиларни хулоса қилиш мумкин:
-    Банда ҳар доим ўз ишлари оқибатини Роббисига ҳавола қилиши лозимлиги;
-    Бирор ишни бажаришдан олдин ҳадисда кўрсатилгандек “истихора” қилишлиги;
-    “Истихора” ибодатига ҳар хил бидъат-хурофотларни аралаштирмаслик;
-    “Истихора” намозига бирор сура таъйин қилинмаганлиги;
-    “Истихора” намозини неча марта ўқишлик чегараланмаганлиги (учта ёки еттита каби);
-    “Истихора” ибодатини қилгандан сўнг унинг тушида аён бўлиши ёки бўлмаслиги ҳадисда келмаганлиги (балки, бу иш фақат Аллоҳ таолога топшириб, оқибатини кутишлик);
-    Ундан ташқари “Истихора” қилиш билан бирга дин-диёнатли, маърифатли, тажрибали, насиҳатгўй инсонлар билан маслаҳатлашиши мустаҳаб эканлиги;
Аллоҳ таоло барча қилаётган ишларимизни дунё-охиратимиз учун хайрли қилсин! Омийн!

ТИИ 4 босқич талабаси

Абдураҳмонов Ихтиёр