Ислом меҳр-шафқат динидир. (Ёҳуд “Ишид фитнаси” китобини ўқиб)

Ислом меҳр-шафқат динидир. (Ёҳуд “Ишид фитнаси” китобини ўқиб)

 

Бугунги кунда бутун дунё халқлари тинчлигига раҳна, одамларнинг қалбларига қўрқув, ғулғула солаётган, кимларнидир жигарпорасидан, кимларнидир эса меҳрибон ота-онасидан айираётган, оила деб аталмиш кичик жамиятни пароканда қилаётган ёвуз куч бу – шубҳасиз ИШИД яъни “Ироқ ва Шом ислом давлати” деб ном олган террорчи ташкилотдир. Бу террорчи ташкилот ҳаракатлари биздан узоқ деб бепарво бўлиш бугунги кунда ҳеч бир кишига лойиқ иш эмас. Шу боис ҳам Президентимиз халқимизни ИШИД каби тажовузкор фирқалар ёмонлигидан сақлашга қаратилган ғояларни олға сурдилар. Натижада масъул ташкилотлар, устозлар ва мураббийлар, маҳалла фаоллари томонидан огоҳликка чақирув ишлари амалга оширилмоқда.

Устозимиз исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “ИШИД фитнаси” номли китоби ҳам халқимизни огоҳликка чақириш йўлида қилинган саъй ҳаракатларнинг ёрқин меваси десак хато қилмаган бўламиз. Ушбу китобда ИШИД нинг Исломга тааллуқи йўқ экани, уларнинг ботил даъволари, улардан сақланиш чоралари, баён қилиниши билан бир қаторда улар сабабли азоб-уқубатларга, хўрликларга дучор бўлган кишилар қисмати акс эттирилган. Айниқса, Нодиянинг тилидан ҳикоя қилинган воқеада бу манфур ташкилотнинг аёлларга бўлган жирканч муносабати барча қалб эгаларини маҳзун қилади.

ИШИД жангарилари Ироқ ва Сурия чегарасидаги катта ҳудудларни босиб олгач, бир қишлоқда яшовчи 20 ёшли Нодияни олиб қочиб кетишди. Уни қароргоҳларига олиб бориб, тўққиз кун давомида қуюшқонга сиғмас қийноқлар билан хўрлашди... Нодия билан бир қаторда олтмиш тўрт нафар аёлларни ҳам асир олишган эди.

Нодиянинг тутқунликда ўтказган кунларидаги азобларига бир қулоқ солиб кўринг-а!: “...Баъзан уларни умуман овқатсиз қолдиришар ёки олти кишига биттагина айниган тухум беришарди. Қизлар икки кун давомида сув нималигини билишмади. Кейин эса айни жазирама қиздириб турган пайт бўлишига қарамай, бор-йўғи бир коса чойга эришишди, холос. Қизлар косани қўлдан-қўлга узатишди, ҳар бирига атиги икки қултумдан тегди. Бошқа сафар уларни яна ичимлик сувсиз қолдиришди. Чанқоқ зўрайган пайтда ваннадан бир челак сув олиб беришди. Бу сувдан совун ва пешоб таъми келарди. Аммо, чанқоқни нима биландир қондириш керак эди, бошқа чора йўқ эди... ”

Муқаддас динимизда Аллоҳ таолонинг барча махлуқотларига раҳм-шавқат, меҳрибончилик ила муносабатда бўлиш таълим берилган. Ҳадиси шарифларда чанқоқ итга сув берган кишига ажр берилганлиги ҳақида шундай хабар берилади:

عن أبي هريرة رضي الله عنه أن النبي عليه الصلاة والسلام قال: «بينا رجل بطريق اشتد عليه العطش فوجد بئرا فنزل فيها فشرب ثم خرج فإذا كلب يلهث يأكل الثرى من العطش فقال الرجل لقد بلغ هذا الكلب من العطش مثل الذي كان بلغ مني فنزل البئر فملأ خفه ماء فسقى الكلب فشكر الله له فغفر له قالوا يا رسول الله:وإن لنا في البهائم لأجراً.فقال:في كل ذات كبد رطبة أجر». متفق عليه

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллалоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Бир киши йўлда жуда қаттиқ чанқоқликка учради. Шу пайт бир қудуқни кўриб, унга тушди ва ўз чанқоғини қондирди. Сунгра у ердан чиқса бир ит чанқоқдан тили осилиб тупроқ ялаётган эди. Шунда у: “Бу ит ҳам мен чанқаганим каби сувга ташна бўлиб қолибди”, - деди-да, қудуққа тушиб оёқ кийимига сув тўлдириб, итни суғорди. Шунда Аллоҳ таоло унга раҳмат назари билан қаради ва гуноҳларини мағфират қилди”. Саҳобийлар: “Эй Аллоҳнинг расули, бизлар учун ҳайвонлар сабабидан ҳам ажр ёзиладими?”, - деб сўрашди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир тирик мавжудот сабабли ажр бор”, - дедилар.”(Муттафақун алайҳ.)

Бошқа бир ҳадиси шарифда эса, бир аёл қарамоғидаги мушукни қийнаб ўлдирганлиги сабабли дўзахга маҳкум бўлганлиги қуйидагича баён қилинади:

عبدالله بن عمر رضي الله عنهما: أن رسول الله صلى الله عليه وسلم قال: «عُذبت امرأة في هرة سجنتها حتى ماتت، فدخلت فيها النار، لا هي أطعمتها ولا سقتها إذ حبستها، ولا هي تركتها تأكل من خَشاش الأرض».

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Бир аёл мушугини вафот этгунича қафасга солиб қўйганлиги сабаб азобга дучор бўлди ва дўзахга тушди. У аёл мушукни қафасдалик вақтида таом ҳам сув ҳам бермади ва уни Ер ҳашоратларидан озуқаланиши учун қўйиб ҳам юбормади”. (Имом Бухорий ва Муслим ривояти)

Мазкур ҳадиси шарифлардан кишининг бир ҳайвон туфайли азобга дучор бўлиши маълум бўлади. Динимизда қурбонлик қилинадиган ҳайвонларни ҳам сўйиш олдидан уларнинг кўзига пичоқ кўрсатилмаслиги буюрилади. Бу меҳр-шавқат дини бўлмиш динимиз Исломнинг ҳатто ҳайвонларга бўлган риояси ва меҳрибончилигини намоён этади. ИШИД аъзолари эса инсонларга нисбатан қилаётган жиноятлари: эр-хотин одида фарзандларини, ёш норасида гўдаклар кўз ўнгида ота-онасини худди ҳайвонни бўғизлагани каби сўйиши, бир вақтлар илм-фан маркази, авлиёлар, олимлар сарчашмаси бўлган Бағдод каби шаҳарлар улар туфайли вайронага айланганлиги, Аллоҳ таоло дўстларининг қадамлари ва қабрлари билан тўла тупроқ бугун бегуноҳлар қони билан белангани уларнинг ҳаракатлари динимиз буйруқларига зид эканини кўрсатиб беради. Бир мушук риоясини қилмаган аёл дўзахга маҳкум бўлса-ю, бундай манфур кишиларга қандай жазо берилар экан деб ўйлайсан киши. Юқоридаги ҳадисларнинг бирида ва бошқа кўплаб ҳадиси шарифларда ҳайвонлар туфайли бандага ажр берилиши, гуноҳлари кечирилиши зикр қилиниб Аллоҳнинг барча махлуқотларига меҳрибон, раҳм-шавқатда бўлишга тарғиб этилади. Аслида, инсонлар дини, миллати ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъий назар меҳрибончиликка энг ҳақли эмасми? Ахир Аллоҳ таолонинг Ўзи инсонни барча махлуқотлардан улуғ эканини таъкидлаб: “Биз Одам болаларини мукаррам қилдик”- деб оят нозил қилган бўлса. Айниқса, ўша манфур кимсаларнинг динимизда аёлларга қўл кўтариш қайтарилганлигига қарамай уларга нисбатан қилган зўравонликлари нафақат динга, балки ҳеч бир ақл ва одоб-ахлоқ доирасига ҳам тўғри келмайди.

Шундай экан маданият, одоб-ахлоқ ва инсоният кушандаси бўлган “ИШИД” дек зарарли тоифанинг хатарларидан огоҳ бўлиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиздир. Аллоҳ барчамизни Ўзининг тўғри йўлидан адаштирмасин, омин!

Жалолиддин Ҳамроқулов,

"Новза" жоме масжиди имом хатиби