“ИНТЕРНЕТДАГИ ТАҲДИДЛАРДАН ҲИМОЯ” НОМЛИ КИТОБ ТАҚДИМОТИ

Ёшлар онгини чалғитиш учун катта курашлар кечаётган глобаллашув даврида юксак маънавият,

одоб-ахлоқ масаласига эътиборни кучайтириш долзарб вазифадир. Ушбу жараёнда, айниқса, ёшларни эътиборидан четда қолдирмаслик лозим. Вақт, имконият бой берилса, кейин кеч бўлиши аниқ. 

Вертуал оламда бузғунчи кучлар тарғиб этаётган ғаразли даъватлар таъсирига қарши курашда юксак диний-миллий қадриятлар – диёнат, поклик, ҳалоллик, одамийлик, ҳаё ва иффат каби фазилатларнинг ўрни беқиёс, албатта. 

2016 йил 13 феврал куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида, “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти ташаббуси билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Айдарбек Тулеповнинг “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Тақдимот маросимида Ўзбекистон Мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, раис ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансуров, Инсон ҳуқуқлари миллий маркази раҳбари Акмал Саидов, Ички Ишлар вазирлиги ва Ички Ишлар академияси, Миллий ғоя ва маънавият тарғибот маркази, Тошкент тиббиёт академияси, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ислом универститети, Тошкент шаҳар имом хатиблари, Тошкент ислом институти, “Хадича-Кубро” аёл-қизлар ўрта махсус ислом билим юртидан вакиллар ва шунингдек, кинорежиссёр Жаҳонгир Қосимов, Ҳилол Насимов, киноактёрлардан Фотиҳ Насимов ва Райҳона Уласенова ҳамда бошқа соҳа вакиллари қатнашдилар. 

Сўзга чиққанлар ўз нутқларида ҳозирда ёшларимизга қаратилган маънавий таҳдидлар, асосан, интернет тармоғи орқали амалга оширилаётгани, бунга қарши курашиш борасида салмоқли ишлар қилингани, жумладан, Мазкур асарда асосан, интернет орқали амалга оширилаётган таҳдидлар, ёшлар онгига салбий таъсир этадиган бузғунчи ғоялар ва “оммавий маданият” ниқоби остидаги маданиятсизликнинг салбий оқибатлари аниқ далиллар ва ҳаётий мисоллар асосида ёритилган. Бундай таҳдидларга қарши курашиш ва ёшларда мафкуравий иммунитетни шакллантириш асослари миллий ва диний жиҳатдан баён қилинганлиги, шунингдек, бузғунчи ғояларнинг асл қиёфаси ҳаётий фактлар, савол-жавоблар ва психологик тестлар орқали батафсил ифодалангани таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, ушбу китоб ҳар бир олий ва ўрта махсус таълим даргоҳларининг кутубхоналарида бўлиши лозимлигини айтиб ўтишди. Маърузачилар асар ҳақида тўхталар экан, ғарблик айрим ғаразли кучлар томонидан ёшларни манқуртлаштириш мақсадида, беҳаёлик, зўравонлик, бепарволик, дангасалик каби кўплаб салбий хислатларни ўз ичига қамраб олган ўйинлар ишлаб чиқарилаётгани ва уларнинг зарарлари ҳақида асарда алоҳида урғу берилганини қайд этишди. 

Тадбирда “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти талабалари томонидан тайёрланган, миссионерлик ҳаракатларининг жамиятга салбий таъсири ва унинг келтириб чиқараётган оқибатлари тўғрисидаги саҳна кўринишларини намойиш қилинди. Шунингдек, билим юртида ушбу китоб асосида ўтказилган савол-жавоб танловида фаол иштирок этган талабалар қимматбаҳо совғалар билан тақдирландилар. 
Тадбир сўнгида “Кўкалдош” ўрта махсус ислом билим юрти мудири Зиёвуддин Мирсадиқов сўзга чиқиб, “Интернетдаги таҳдидлардан ҳимоя” номли китоб халқимиз, хусусан, ёшларимиз учун маънавий таҳдидларга қарши курашда муҳим қўлланма бўлиб хизмат қилишини айтиб ва ҳар бир кишининг китоб жавонидан жой олишини кераклигини тавсия қилди. Зеро, бугунги кунда дунёда авж олаётган ғоявий курашлар, турли минтақаларда авж олаётган низолар, интернет тармоғи орқали тарқалаётган зарарли ахборотлар соғлом ақл эгаси бўлган ҳар бир кишини ташвишга солмай қўймайди. 
Тадбир якунида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари юртимиз тинчлиги-осойишталигини сўраб ва ёш авлод тарбияси билан шуғулланаётган барча соҳа вакилларига куч-қувват тилаб дуолар қилиб бердилар. 

Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими


Манба: http://muslim.uz